Бир ярим миллиард аҳоли яшайдиган Ҳиндистоннинг 30 фоизга яқин фуқаросигина уйли. Янги массив, уй-жойлар фақат шаҳар четидан қурилади
Аслида саёҳат ҳақида ёзишдан осони йўқ. Ҳатто, зиёли танишларим сўраганда ҳам агар "хориждаман", десам, дарҳол "расм ташланг" дейишади. Ана шунақа, кўпчиликка борган ерингиз, кўрганингиз қизиқ. Нима учун бординг, нима таассурот билан келдинг, дегувчилар саноқли.
Кўп ҳолда бундай саволлар ўша давлатнинг табиати, бозоридаги нарх-наводан нарига ўтмайди. Ваҳоланки, дунё кезиш баробарида дунёвий муаммоларни кўтарган асарлар ҳамма ерда, ҳатто ўзимизда ҳам қайси тилда бўлишидан қатъи назар, қўлма-қўл ўқиляпти, таржима қилиняпти.
Ҳиндистоннинг бетакрор табиати, меҳнаткаш, эл бўлиб шакллангандан буён бировнинг юртига бостириб кирмагани, қайта-қайта истило қилингани тўғрисида гапириб ўтирмайман. Бу хусусда юзлаб китоблар бор. Бундан ташқари, интернетдан истаган мамлакатингиз ҳақида хоҳлаганча маълумотни ола биласиз.
Ҳурматли муштарий билан саёҳат ва зиёратлар чоғида қувваи ҳофизам даражасида кўрганим, илғаганим - ибратларни баҳам кўрмоқчиман. Ибрат деганим маъноси шуки, бизда ҳам ҳозирги кунда фойдаси тегадиган ана шундай ишларни қилиш мумкин. Ибрат деганимнинг яна бир маъноси буким, фойдаси тегадиган бундай ишлар тарбияси оиладан бошланади.
Биринчидан, бир ярим миллиард аҳоли яшайдиган мамлакатнинг 30 фоизга яқин фуқароси уйли, холос. Пули йўқ одам уй-жой олишга ҳаракат қилмайди. Биз эса юролмай қоладиган ҳолатимизгача ссуда, кредит ёки қарз тўлаб оворамиз. Бундан ташқари, ҳали мактабда ўқийдиган фарзанд ёки неварамизга ҳам уй-жой олиб қўймасак, кўнгил ўрнига тушмайди.
Иккинчидан, янги массив, уй-жойлар фақат шаҳар четидан қурилади. Ҳатто шаҳар ичида бўш жойлар хароб ҳолда ётган бўлса ҳам, бу ерда уй қуришга рухсат йўқ. Дарахт бор майдонлар бузилишига йўл қўйилмайди. Бизда эса 10 квадрат метр очиқ жой топилса, бойваччалар ўша ерда уй қуриш учун жон-жаҳди билан югуриб, иймонидан ҳам воз кечади.
Учинчидан, бу заминда ота-она, фарзанд, келинлар, неваралар бир ҳовлида яшашни бахт деб билишади.
Тўртинчидан ва энг муҳими, ҳиндистонликлар қадимий обидаларни томоша ҳамда зиёрат қилишни фарз деб қабул қилишган. Ҳатто болаларини, чақалоқларни олиб келишади. Деярли барча обида ва музейларга келувчиларининг 80 фоизга яқини маҳаллий аҳоли вакиллари. Тағин кимга тегишли бўлишидан қатъи назар, ҳар бир қадимий бино ва ашёга иштиёқ, ҳавас билан қарашади, навбатда туришдан эринмайди. Завқ билан суратга тушади.
Келинг, энди бир таҳлил қилинг, мисол учун Самарқанд жами аҳолисини қўя турайлик, зиёли қатламининг қанчаси ўз шаҳридаги обидаларга зиёратга борган?
Бешинчидан, мени зиёратгоҳларда ўрнатилган тартиб-интизом ҳайратга солди. Бирор киши уни бузишга уринмайди, навбатини сабр билан кутади. Олинган чипта (жетон)ни чиқишда топширасиз, акс ҳолда яна пул тўлаш керак. Шу орқали тушаётган маблағларнинг талон-торож бўлишига йўл қўйилмайди.
Машина, махсус автобусларни қўйиш жойларида тартиб янада мустаҳкам, жаримаси жуда катта, мабодо ҳайдовчи ёки зиёратчи томонидан тартиб бузилса, уларни бошлаб юрган масъул (раҳбар) ҳам жаримага тортиларкан.
Албатта, обидалардан ташқаридаги, айниқса гавжум кўча ва бозорлардаги тартибсизлик, дарахт остида, майсазор устида ётиб кун кўрувчилар таъбингизни хира қилади, аммо буни ёзганим билан аҳвол ўзгариб қолмайди ёки Ҳиндистонга бораётган киши орқасига қайтмайди. Қолаверса, улардан анча саранжом бўлсак-да, ҳали ўзимизда ҳам қўлидаги чиқиндини дуч келган жойга ташлаб кетаётганлар йўқ эмас.
Олтинчидан, ҳаракат хавфсизлиги ҳайдовчиларнинг ўзига хос руҳиятига асосланган. Ҳайдовчилар бир-бирига оддий ишора билан йўл беради, бир-бирини ҳақорат қилмайди. Тўғриси, бир ҳафта давомида энг тиғиз кўчаларда ҳам рикша ёки машинанинг бир-бирига урилганини кўрмадим. Бунақа ҳолат камдан-кам рўй бераркан.
Бу таассуротлар фақат кўрганим эмас, одамлардан сўраб ҳам олдим.
Бу гапларни бежиз айтмадим. Биз дунёга эшик очдик, сайёҳлар, ишбилармонлар оқими кўпаймоқда. Руҳиятимиз, кайфиятимиз, феълимизни ҳам, ишларимизни ҳам шунга мослаб боришимиз керак, деб ўйлайман. Шунинг учун ҳам фақат кишилар турмуш тарзига оид ҳолатлар ҳақида мулоҳаза юритдим.
Фармон ТОШЕВ.
Тошкент – Жайпур – Агра - Тошкент. 2023 йил, 22-27 ноябрь.