Танқиддан ким манфаатдор? Уни айтувчими ёки эшитувчи?
Аввалдан айтиб қўяй, қуйида келтирилаётган фикрларим юқоридан келадиган танқидни топшириқ, пастдан келадиганини ғийбат деб тушунадиган раҳбарларга тегишли.
“Танқид келажакнинг меваси”, деймиз-у аммо “Танқид асал эмас”, деб қўшиб қўямиз. “Яхшидир аччиқ ҳақиқат” деймиз-у, “Кўнгил қолдирган душмандан ёмон”, деб қўямиз. Гарчи бизда танқид сўзи оммалашган бўлса-да, аслида у оддий эътироздан, таклифдан бошланади. Бу усул иш бермаса, киноя, луқма ёки жиддий гапга ўтамиз. Ижтимоий тармоқларда биз бугунги кунда танқиднинг энг қўпол, ҳатто ривожланган давлатларда қўлланилмайдиган услубларигача етиб келдик. Фаолиятимизга, ҳаётимизга, умуман, шаънимизга айтиладиган ҳар бир эътирозни танқид, душманлик деб қабул қила бошладик. Иккинчи томондан эса, эътироз билдирувчилар “Мен фуқаролик бурчимни бажаряпман”, деб ўзини оқлаш билан овора.
Келинг, бир тасаввур қилайлик, ҳовлингиз олдидан оқиб ўтувчи ариқ анча вақт тозаланмаганлигидан ёмон аҳволга тушган, дарахтлар ҳам қаровсиз, кўчалар четида гул экилмаган. Бу ҳолат, табиийки, қўни-қўшниларда эътироз уйғотади. Ниҳоят улардан бири “Қўшни, ҳовлингиз олдини сал тартибга келтирганингиз маъқулми...”, дейди. Ишонаверинг, ҳатто кўчада бир ўзингиз бўлсангиз ҳам бу гапни ҳазм қилолмайсиз, “Менинг ҳовлим билан нима ишингиз бор?” дейсиз. Кейин маҳалла оқсоқоли келади. “Биродар шу йўлдан яхши-ёмон, катта-кичик ўтади, ҳовлингиз олдига қараб қўйсангиз бўлмайдими?!”, дейди. Сиз бу гапни ҳам ҳазм қилмайсиз. Нимадир баҳона ўйлаб топасиз. Маҳалла оқсоқолига аччиқ сўз айтасиз.
Кейин… Шу кўчага сектор раҳбари ёки туман раҳбарларининг юриши бошланади. Сиз ноилож оила аъзоларингиз, қариндошларингиз билан ҳовли атрофини тартибга келтирасиз ва дарвоза олдида меҳмонларни кутиб оласиз. Улар эса “Яшанг, акахон, киройи ҳовли шунақа бўлади-да”, деб мақтайди. Дарвоза олдидаги саранжом-саришталик учун на қўшнингиз ва на оқсоқол, фақат ўзингиз раҳмат эшитасиз.
Хизмат кўрсатувчи ташкилотлар ҳақида ҳам худди шундай дейиш мумкин. Журналистлар, блогерлар томонидан аҳолининг эътирозлари уларга етказилгач, уни тўғри қабул қилиб, камчиликларни бартараф этганлиги учун айнан шу ташкилот раҳбари ёки ходим раҳмат эшитади. Аммо нима учундир бизда бу ҳақиқатни тушунмайдиганлар пайдо бўляпти. Негаки, айрим ташкилот раҳбарлари эътироз, танқидни шу қадар оғир қабул қиладики, гўё сиз унинг фаолиятидан атайин хато излагандек кўринасиз. Ваҳоланки, кўп одамлар бу ташкилот фаолияти устидан норизо бўлиб, мурожаат қилгандан кейингина сиз бу ҳақда уларга хабар берасиз.
Махсус либос киядиган идораларнинг раҳбарлари ҳам, ходимлари ҳам сиркаси сув кўтармайди. Улар ўз фаолиятига аралашиш тартиб-тамойилда ман этилганини писанда қилишади. Гўё улар фаолиятида хатолик бўлмайди, бўлганда ҳам ўзлари бартараф қилишади. Четдан айтилган эътироз уларнинг обрўсини туширармиш. Аммо матбуотдаги чиқишлар, ижтимоий тармоқдаги айрим ҳолатлар ҳар қандай жамоада ҳам фақат кўпчилик фикрини инобатга олиб ишлаганда кўзланган натижага эришиш мумкинлигини кўрсатиб турибди.
Бир ташкилот раҳбарига хизмат юзасидан унинг ходими арзи ҳолини етказганимда “Бизнинг идоранинг гаплари сизларгача етиб бордими, идорадаги гапни четга чиқарган ходимни яхши кўрмайман”, деди. Мана сизга раҳбарнинг савияси! Мана, сизга Президентимизнинг талабларига жавоб! Ахир, шу ходим муаммони сиз орқали еча олмагандан кейин бошқа ерга мурожаат қилишига тўғри келган-да. Шу ходим билан бўлган воқеа жамоада тартиб, адолат ўрнатиш учун айнан сизга керак эмасми?
Давлатимиз раҳбари ҳар бир ташкилотда очиқлик, ошкоралик устувор бўлиши, жамоатчилик билан бамаслаҳат иш тутилиши кераклигини талаб қилаётган бир пайтда сиз фаолиятингиздаги камчиликларни кимдан яширасиз?
Очиғи, бугунги айрим тадбир, йиғилишларда раҳбарларнинг ўзини тутишига қараб ҳам танқид, эътироз эшитишга, жамоатчилик билан ҳисоблашишга мойиллиги бор ёки йўқлигини аниқлаш қийин эмас. Уларнинг жиддий туриши тагида кибрдан бошқа нарса йўқ. Бирор жўяли таклиф билдиргудек бўлсангиз, ўзини шу қадар “аллома” қилиб кўрсатадики, кейинги сафар ҳатто у билан суҳбатлашишдан ҳам тийиласиз.
Танқидий фикр билдирганлар ёки юқори ташкилотга мурожаат қилганларга муносабат борасида ҳатто оддий одамгарчиликка ҳам тўғри келмайдиган нохуш ҳолатлар бор: “Нега арз қилдинг?”, “Ўша арз қилган одамингнинг олдига бор, масалангни ҳал қилиб берсин!”. Айтингчи, бу гап-сўзлар инсонийликнинг қайси таомилига тўғри келади? Ахир, ота-боболаримиз ҳеч қачон инсоннинг шаънига тегма, қалбига озор берма, адолатсизлик қилма деб ўргатишган-ку. Қолаверса, қурбақани боссанг ҳам “вақ” деган овоз чиқаради. Ахир биз ноҳақликка дуч келган, аҳволини ўнглаш иштиёқида раҳбарлардан кўмак, адолат сўраган одамга нисбатан ҳам шундай муносабатда бўлишга ҳақлимизми? Унинг ўрнига бир лаҳза бўлса-да, ўзингизни қўйиб кўрдингизми?
Шаънимизга билдирилган танқид аслида фаолиятимиздаги камчилигимиздан келиб чиқади. Агар биз бугунги тизимларимиз имконияти даражасида аҳоли билан ўз вақтида суҳбатлашиб, уларни ҳаётига оид маълумотлардан хабардор этсак, мурожаатлар ҳам, эътирозлар ҳам камаяди. Минг афсуски, аксарият раҳбарлар муаммоларни кабинетда, столни муштлаб ҳал қила оламан, дейди. Бу эса яна эътирозларни келтириб чиқаради.
Сизни танқид қилишди, фаолиятингизга эътироз билдиришди. Ўйлаб кўринг, агар шу эътирозни қабул қилиб, айтилган камчиликни бартараф этсангиз, ким манфаат кўради? Бу саволнинг жавоби виждонингизга ҳавола.
Фармон Тошев.