Самимият нима, сиз ўзингизни самимий инсон, деб биласизми?
Луғатларда бу сўзга «сидқидиллик, чин қалбдан, беминнат қилинган иш ёки айтилган сўз» деб изоҳ берилган.
Самимий одам ҳар қандай ҳолатда ҳам ўзгармайди, чунки у кўнглидагини айтади. Тўғри, самимий кишини алдаш осон, аммо у бундан хафа бўлмайди, кечиримли бўлади.
Баъзан ҳаётнинг синовларига чидай олмаган кишилар самимиятини йўқотиши мумкин экан. Бундан ташқари, иродасизлик ва шахсий манфаат ҳам бу олижаноб туйғунинг кушандасидир.
Яқинда ҳузуримга бир йигит келди. Банкда ишлар экан. Раҳбарининг устидан шикоят қилди. Дунёдаги ҳамма ёмонликни унинг устига ағдариб ташлади. Ҳокимнинг маҳалладаги ёрдамчилигига ўтишимга қаршилик қилди, деди. Мен ишондим. Шу ернинг ўзида телефонда боғланиб ҳолатни суриштирдим.
Маълум бўлишича, бу йигит банкдан бировнинг пулини қалбаки ҳужжат билан ўз акаси фирмасига ўтказган. Раҳбар унга ёмонлик тиламасдан ариза билан кетишини тавсия қилган. У эса таътил олиб, кейин кетаман, деган. Таътил даврида ҳокимнинг маҳалладаги ёрдамчилигига ўтиш мақсадида АРГОСга тест топширган ва жуда кам балл олган. Энди аламидан банк раҳбарига ўзини ишда қолдириши учун турли ҳийла-ю туҳматлар ишлатяпти.
Мана сизга носамимийликнинг ёрқин мисоли.
Банк кредити соҳасида носамимийлик шу қадар кўпки, баъзиларини эшитиб, ёқа ушлайсиз. Тўғри, банк ходимларида ҳам айб кўп, лекин бу бошқа масала. Кредит олгунча, юзлаб ҳужжат қилган, ўнлаб қасам ичган кимсалар масъулларни ўзига ишонтирган. Бироқ, пулни олгач, шайтонга ошно бўлишган. Аниқроғи, кредитни белгиланган мақсадга эмас, ўзи аввалдан ўйлаб юрган режасига ишлатади. Тўлов пайти келгач эса «тадбиркорга кун йўқ» деб уввос солади. Чунки қарзни қайтаришга пули йўқ, уни бошқа жойга ишлатиб қўйган.
Олий ўқув юртларидан бир ўқитувчи келди. Кафедранинг фаолияти тўғрисида оддий маълумот тақдим этди. Яхши ишлаяпмиз, шуни кўпчиликка маълум қилайлик, деди. Уни мақола тарзига келтириб беришга келишдик. Аммо «муаллиф» мақола эртага чиқиши керак, деди. Иложи йўқлигини айтсак, бояқиш кўзига ёш олди. Мени атай юборди, йўлини қилиб чиқариб кел, бўлмаса, ишдан кетасан, деди.
Мана сизга зиёлининг носамимийлиги!
«Самимият»чиларнинг яна бир тоифаси борки, улардан Худонинг ўзи асрасин! Улар лаганбардорлар ва ишини битириб олиш учун минг тусга кирадиган буқаламунлардир. Иши тушса, масалани айтишдан олдин сизни шунчалик кўпиртириб мақтайдики, одам уялиб кетасан. Бундай тоифадан нафақат узоқроқ юриш, балки улар сафига кириб қолишдан ҳам сақланиш керак.
Баъзилар фермер хўжалиги, ташкилот раҳбари, маҳалла оқсоқоли устидан шу қадар хокисор, таҳқирланган ёки важоҳат билан арз қиладики, ишонганингизни билмай қоласиз. Жойига бориб ўрганилганда, аҳвол бутунлай бошқача бўлиб чиқади. «Бечора» шикоятчи маҳалланинг тажрибали «ҳожатбарор»и бўлиб чиқади. У айтганини қилмаган раҳбарга «кўрсатиб қўй»ишга киришган. Узоққа борманг, бунақа ҳодисаларни ижтимоий тармоқда ҳар куни кўрамиз.
Самимий инсон ҳатто отаси ёки онаси вафот этганда ҳам уввос солиб, дардини кўпчиликка кўз-кўз қилмайди, ичида йиғлайди. Самимий инсон арзимаган муаммо учун бировга арзу дод қилмайди, бировдан ёрдам сўрашга ор қилади. Шунинг учун ҳам давлат чинакам муҳтожларга самимий ёрдам кўрсатяпти. Ана шундай пайтда ўзига тўқроқларнинг «менгачи?» дейиши ҳам самимиятдан эмас.
Самимий инсон қўшниси, ҳамкасби, танишига омад кулса қувонади, бошига ташвиш тушса, бирга куяди, ҳолидан хабар олиб туради. Айниқса, бемор, пенсияга чиққан оғайниларини ёлғизлатиб қўймайди. Муносабатни илгаригидек давом эттиради.
Энди ўз-ўзимизга савол бериб кўрайлик:
- Мен самимийманми?
- Носамимий одамга қандай муомала қиляпман?
- Самимий одамларнинг қадрига етяпманми?
Бинобарин, бу саволларга чин дилдан топилган жавоблар ҳар биримизнинг маънавиятимизни белгилайди.
Бу гапим ҳаммамизга хуш келмаслигини биламан. Чунки бу табиий ҳолат: ярмимиз самимий, ярмимиз эса... Муҳими, давраларда, суҳбатларда самимият қадри ҳақида гапириб турайлик.
Самимий бўлайлик, азизлар!
Фармон Тошев.