Биринчи муҳарририм
Биринчи китоб...
Унинг нашр этилиши, дунё юзини кўриши ҳар бир ижодкор учун унутилмас воқеа. Кейин салмоқли китоблари, кўп жилдликлари нашр этилиши мумкин. Уларнинг ҳар қайсиниси қувонч бахш этади ижодкорга, аммо биринчи китобнинг завқи, ҳаяжони ўзгача бўлади, худди биринчи бўса каби.
Менинг биринчи китобим нисбатан кечроқ – 1979 йилда нашр этилган. Аслида у пайтларда китоб чиқариш ҳозиргидек осон эмасди. Қўлёзмалар муҳокама қилинар, таниқли адабиётшунос ёки ёзувчидан тақриз олинар эди. Баъзан Ёзувчилар уюшмасида муҳокамага қўйиларди. Менинг биринчи тўпламим ҳам Ёзувчилар уюшмасида муҳокама қилинган. Ниҳоятда жиддий таҳлил этилган, тўпламга киритилган ҳар бир ҳикоянинг астар-авраси титиб ташланган эди. Бир неча кун ўзимга келолмай юрганман. Бу соҳага адашиб кириб қолдимми, балки вақт борида бошқа соҳанинг этагини ушлашим, қишлоққа қайтиб кетишим керакдир, деган хаёлларга ҳам борганман. Аммо баъзи устозларимнинг, хусусан, зукко олим, бениҳоя бағрикенг, олижаноб инсон Ғайбулла Саломовнинг маслаҳати билан бу фикрдан қайтганман. Тушкунликни, турли бўлмағур хаёлларни бир чеккага итқитиб, айрим ҳикояларни жиддий таҳрир қилдим, баъзиларини қайтадан ёздим, янги ҳикоялар битдим. Орадан бир йил ўтди. Янги тўплам тайёрладим-да, ўша муҳокамада асосий маърузачи бўлган адабиётшунос Умарали Норматовга олиб бордим. У киши тўпламни ўқиб, фикрларини ёзиб берди. Домла янги тўпламдаги ҳикоялар ҳақида асосан ижобий фикр билдирди ва нашрга тавсия этди. (Ўша тавсиянома ҳозир ҳам шахсий архивимда сақланади).
Бу мисолни келтиришдан мақсад ўзимни мақташ эмас, ўша даврда адабиётга талаб нақадар кучли бўлганини, енгил-елпи нарсалар мутлақо чоп этилмаганини эслатиш, холос. Ҳозир, афсуски, куракда турмайдиган нарсаларни ҳам пулини тўлаб китоб қилиб чиқараётганлар бор. Бундай ишлар китобхон савиясини туширади, адабиётдан ихлосини қайтаради...
...Хуллас, биринчи ҳикоялар тўпламим Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриётида нашрга тайёрланди. Унга таниқли шоир, драматург, таржимон Машраб Бобоев муҳаррирлик қилди. Шу аснода Машраб ака билан кўп гаплашдик, хўп фикрлашдик. Бу инсон билан олдин ҳам турли давраларда учрашган, суҳбатлашган эдик, у кишининг адабиёт ва санъат ҳақидаги фикрларини эшитган эдим. Аммо биринчи китобимни нашрга тайёрлаш жараёнида Машраб акани янги хислатларини билиб олдим. У кишининг таҳрир жараёнларини кузатдим: уч-тўрт сўзни ўзгартириши билан ҳикоя “очилиб” кетганини кўриб, қувонардим. Ўшанда Машраб ака менга бир фикрни айтган ва бу гап ҳеч эсимдан чиқмайди: “Кўп ёзинг, ҳар куни ёзинг. У бир жойда чиқадими-йўқми, буни ўйламанг, ёзаверинг... Сиз қишлоқ одамисиз, биласиз, кетмон қанча кўп ишлатилса шунча очилади, ярақлайди, акс ҳолда занглайди”.
Шундай қилиб, 1979 йилда “Оқ қуш” деган биринчи китобим (пиёзнинг пўстидай) Машраб Бобоев муҳаррирлигида нашр этилди. Шундан кейин Машраб ака билан янада яқинлашдик, байрамларда, туғилган кунларда ва бошқа сабаблар билан тез-тез учрашиб турадиган бўлдик. Бу орада Машраб аканинг “Онамга хат”, “Баҳор кайфияти”, “Кечки троллейбус”, “Бағишлов”, “Сўз”, “Олисдаги чироқ” каби бир неча китоблари чиқди, пьесалари кетма-кет турли театрларда қўйила бошланди. “Ўттиз ёшлилар”, “Гурунг” “Ер томири”, “Қани менинг юлдузим”, “Бизнинг ҳовли” сингари драмалари асосида қўйилган спектакллар эл оғзига тушди. Энг истеъдодли режиссёрлар, жумладан Баҳодир Йўлдошев, Маҳкам Муҳамедов Машраб Бобоев асарларини саҳнага қўйди, телеэкранга олиб чиқди. Биринчи ўзбек сериали бўлган “Кўнгил кўчалари”нинг муаллифи ҳам Машраб Бобоевдир. Режиссёр Маҳкам Муҳамедов билан ҳамкорликда яратилган мазкур сериални томошабинлар ҳамон қизиқиш билан кўради.
Тақдир тақозоси билан Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзАда Машраб Бобоев билан бирга ишлаш насиб этди. Аввалдан айтиб қўяй, ЎзАда бирга ишлаш жараёнида мен янги Машраб Бобоевни кашф этганман. У кишининг меҳнаткашлигини, ҳар қандай ишга масъулият билан ёндашишини билардим, аммо бу қадар юксак масъулиятли ва тартибли эканини ўйламаган эдим. Одатда айрим шоирлар таҳририятларнинг кундалик ишига беписанд қарайди. Чунки кимнингдир хом-хатала мақоласини эпақага келтириш керак, зудлик билан қандайдир ахборот тайёрлаш лозим ва ҳоказо. ЎзАда бунга ўхшаш юзаки қараганда оддий ва осон туюлган, аслида катта масъулият ва ҳушёрлик, боз устига тезкорлик талаб қиладиган ишлар сон мингта. Машраб ака таржимон бўлиб келди, кўп ўтмай таржима таҳририятига бош муҳаррир бўлди. Зеро, таржима санъати борасида Машраб Бобоев катта тажриба ва юксак салоҳиятга эга эди. Бунга биргина мисол билан кифояланиш мумкин, яъни, Валентин Катаевнинг “Хаёл чечаклари” китобининг таржимаси. Услуб жиҳатдан ниҳоятда мураккаб бўлган мазкур китобни таржима қилиш ўнта романни таржима қилишдан кўра оғир ва қийин. Чунки ҳар қандай романда муайян бир ёзувчининг услуби бўлади, “Хаёл чечаклари”да Валентин Катаевдан ташқари яна ўнлаб шоир ва ёзувчиларнинг услуби акс этган ва уларнинг фарқи кўрсатиб берилган. Машраб Бобоев шуларнинг ҳаммасини қойилмақом қилиб ўзбек тилига ўгирган.
ЎзАда иш вақти чекланмаган, аниқроқ айтганда, иш вақти фалон соатда бошланиб, пистон соатда тугайди, деган тушунча йўқ. Иш тугаб, энди кетишга тайёргарлик кўриб турилганда бирдан катта иш келиб қолиши мумкин. Уни дарҳол тайёрлаш, ё ўзбек тилига ёки рус тилига таржима қилиш зарур. Шундай пайтларда Машраб Бобоевнинг тажрибаси ва маҳорати асқотар, у киши икки тилга баравар таржима қилар эди. Машраб ака баданни қиздирувчи ичкиликларни хуш кўрар ва оз-оз нўш этиб турарди. Бироқ, тан олиш керак, ҳар қандай ҳолатда иш биринчи ўринда турар ва ҳеч нарса бажариладиган ишнинг сифатига таъсир қилмас эди. Баъзи ҳамкасбларимизни кўрганмиз, бир қултум “ютиб” олса ўзини осмону фалакда кўриб, ҳамма нарсани унутар эди. Машраб Бобоев улардан фарқли равишда ҳар қандай вазиятда ишни, вазифасини унутмас, ҳеч бир ишни қўл учида қилмас, оддий хабар бўладими, таҳлилий мақолами ёхуд давлат раҳбарининг маърузасими – барчасига бирдай масъулият билан ёндашиб таржима қилар эди. Ана шундай масъулиятли, тартибли инсон эди Машраб Бобоев. Мана шу хислатлари билан ҳам кўпчиликка, айниқса, ёшларга ибрат, намуна эди.
Машраб Бобоевнинг Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигига ишга келиши ҳам қизиқ бўлган. Мен агентлик раҳбари эдим. Бир куни Машраб ака қўнғироқ қилди, салом-аликдан кейин дабдурустдан “Маматқул, мени ишга оласизми?” деди. Очиғи, кутилмаган бу саволга нима жавоб беришни билмай қолдим. Билардимки, Машраб ака кўп жойларда ишлаган: Халқ ижоди уйида, вилоят газеталарида, нашриётда, радиода, журнал таҳририятида, Ёзувчилар уюшмасида, вазирликда, театрларда ва ҳоказо. Уларнинг ҳаммасида иш бир маромда бўлади, яъни, маълум соатда келади, маълум бир соатда кетади. Агентликда эса бундай “тартиб” йўқ, ходимлар эрталаб ишга келишини билади, қачон кетишини эса билмайди – кечаси ўндами, ўн бир-ўн иккими ёки ундан ҳам кечми – ҳар кун ҳар хил ҳолат. Машраб ака бундай “тартиб”га чидармикан?
Хуллас, Машраб Бобоевнинг томдан тараша тушгандай берилган саволига “кўрамиз” дегандай мужмал жавобдан нарига ўтолмадим.
Шу гапдан бир неча кун ўтиб, Эркин Аъзам (у биринчи ўринбосар эди) олдимга кириб, Машраб акани ишга олсак, деди. Бу суҳбатда Қулман Очилов (у ҳам ўринбосар эди) ҳам бор эди. Мен Машраб Бобоев ҳаммамизнинг акамиз, қадрдонимиз, хусусан, менга устоз қатори, биринчи китобимга муҳаррирлик қилган, таниқли драматург, шоир, таржимон, публицист, шундай одам агентликка ишга келса қани эди... Аммо... у киши бу ернинг иш режимига дош бера олармикан, иш кеча-кундуз бўлса... Бунинг устига биласиз... Эркин айтмоқчи бўлган фикримни тушунди: “Ҳозир у нарсалар камайган... Деярли ичмайди, фақат байрамларда... Ишлашга келганда мен нашриётда бирга ишлаганман, биламан, жуда масъулият билан қарайди”, деди. Бироз ўйланиб турдим-да, майли, ҳозир, шу ердан қўнғироқ қилинг, чақиринг, келсин, ҳозир ишга оламиз, дедим. Эркин қўнғироқ қилди. Гўшакни янга олди. Эркин салом-алик қилди-да, ака уйдамилар, чақириб юборинг, деди. Сўнг ранги ўзгарди. Шунақами, деди-да, бўшашиб гўшакка қўйди. Кейин менга юзланди: “Келолмайди телефонга, деди. Қаердан билган эдингиз?” Ҳаммамиз баравар кулиб юбордик.
Барибир Машраб Бобоевни агентликка ишга олдик. У кишини таниганлар яхши билади, шоир ва ёзувчилар ичида иш жойини энг кўп ўзгартирганлардан бири Машраб Бобоев. У киши ишлаган ўнлаб идоралар ичида энг узоқ ишлаган жойи агентлик бўлди. Адашмасам, чамаси ўн йиллар ишлади агентликда. Ҳолбуки, Машраб ака умри давомида неча жойда ишлаган бўлса бир жойда икки-уч йилдан ортиқ ишламаган...
Машраб ака билан бир пайтда унинг ўғли Анвар ҳам агентликда ишлар эди. Анвар жуда истеъдодли, ўзбек ва рус тилларида бирдай равон ёзадиган, билимли журналист. Бироқ кўпчилик истеъдодли одамларда учрайдиган паришонхотирлик, бамайлихотирлик, озроқ дангасалик Анварга ҳам бегона эмас. Ана шу одатлари гоҳида унга панд беради. Анвар давлат раҳбари иштирок этадиган тадбирларни ёритадиган мухбирлар рўйхатида турарди. Президентимизнинг хорижий давлатларга ташрифларида доим бирга борарди.
Бир гал давлатимиз раҳбари ўтказадиган тадбирга Анвар бориши лозим эди. Тадбир бошланишига озгина вақт қолганда қўнғироқ бошланди: нега шу вақтгача мухбир келмади? Анварни қидириш бошланди, лекин у йўқ (у пайтда мобил телефонлар оммалашмаган эди). Одатда бундай тадбирларга мухбирлар рўйхати олдиндан берилади, кейин, айниқса, тадбирга бир-икки соат қолганда ўзгартириш мумкин эмас. Шу туфайли анча кўнгилсизлик рўй берди. Эртаси куни Анварни чақириб, анча койидим. Нима учун тадбирга бормаганига жўяли сабаб йўқ – эсидан чиқиб қолган эмиш. Табиийки, буни оқлаб бўлмайди. Анвар бошини эгиб чиқиб кетди. Мен чуқур ўйга толдим. Минг хил фикр ўтди хаёлимдан. Сўнгра Машраб акани чақириб, бўлган воқеани айтдим, Анварни койиганимни ҳам очиқ-ойдин гапириб бердим. Бошқалардан эшитсангиз хафа бўлиб юрманг, деб ўзим айтаяпман сизга, дедим. У киши сўзларимни индамай эшитди-да:
Ҳалиям сиз одамгарчилик қилибсиз... Бошқа раҳбар бўлса бу қилиғи учун ишдан ҳайдар ва шундай қилиш керак эди, – деди. – Президент тадбирига бормасликка нима ҳақи бор?! Ахир бундай имконият, бундай шараф ҳаммага ҳам насиб этмайди-ку. Бунинг қадрига етиш керак... Сиз койидим, деб хижолат бўляпсиз, койиш эмас, уришга ҳам ҳақингиз бор, раҳбар сифатида ҳам, устоз сифатида ҳам.
Ўша-ўша Анвар бундай ҳолни бошқа такрорламади. Билишимча, Машраб ака ўғлини бу қилмиши учун қаттиқ койиган.
...Гапни Машраб Бобоев биринчи китобимга муҳаррир бўлганидан бошлаган эдим. “Оқ қуш” чиққанидан кейин орадан йигирма уч йил ўтиб, Машраб ака “Чироқ ўчмаган кеча” китобимга сўзбоши ёзди. 2002 йилда “Шарқ” нашриётида босилган бу китобга ёзган “Нафис туйғулар олами” сарлавҳали сўзбошисида шундай ёзган эди: “Нозиклик, қалб нозиклиги, туйғулар нозиклиги Маматқулнинг кўпчилик қаҳрамонларига хос хислат. Унинг ижодида – қисса ва ҳикояларида ҳам, драматик асарларида ҳам зиддият кўпинча зоҳирий эмас, ботиний бўлади. Қаҳрамонлар асосан бир-бири билан эмас, ўз-ўзи билан курашади...
Маматқулнинг асарлари ҳам “турли кўчалар” маҳсули бўлгани учун сизни дастлаб қизиқарли мавзу билан банд қилиб олади-да, кейин ўзининг нозик, нафис туйғулар кўчасига олиб кириб кетади...”
Машраб Бобоев ҳалол, меҳнаткаш, дўстларга, шогирд укаларига, касбига, оиласига садоқатли эди. У жонажон Ватанимиз – Ўзбекистонни, она халқимизни чин дилдан севар эди. Барча асарларида – шеърлари, драмаларида, публицистик мақолаларида, сценарийларида гўзал юртимизни, заҳматкаш халқимизни, адолатни, ҳақиқатни, эзгуликни куйлади, улуғлади. 1976 йилда ёзилган “Ўзбекистон” шеърида шундай сатрлар бор:
Мен ишқимни қилмасам ҳам ошкора баён,
“Жоним фидо!” деб кўксимга муштламасам ҳам,
Ўзбекистон, она Ватан, сўзимга ишон,
Фарзандингман, фарзандингман ҳар қачон, ҳар дам.
Ҳаётингда бош қаҳрамон эмасман, лекин
Йўқ ҳам эмас, мен оммавий саҳнада борман.
Гар саноқда бўлмасам ҳам сонда борман мен,
Сенга фидо миллионлар сафида борман.
Ўзбекистон, она Ватан, дардингни олай!
Билмасанг ҳам Машраб киму юмуши надир,
У ҳам сенга жонин фидо қилмоқ учун шай,
Саноқда йўқ миллионлар қаторидадир.
Ҳа, Ватанни улуғлаганларни Ватан ҳам улуғлайди. Демак, халқимизнинг севимли шоири ва драматургларидан бўлган Машраб Бобоевнинг номи доимо элимиз қалбида, асарларини бугунги авлод ҳам, келгуси авлодлар ҳам севиб, қизиқиб ўқийди, спектаклларини, сериалларини ҳаяжон билан томоша қилади.
Маматқул Ҳазратқулов.