Биринчи ўзбек космонавти Солижон Шарипов таъсисчилигидаги МЧЖ мансабдорларига нисбатан қўзғатилган жиноят иши назоратга олинган

2020 йилнинг 3 декабрь куни Тошкент шаҳар Чилонзор тумани бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан “Megatek-Avto” МЧЖ улушдорлари билан боғлиқ ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, кейинги тергов ҳаракатларини олиб бориш учун Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги тергов бошқармаси иш юритувига олинган.

Ўтказилган тергов ҳаракатлари натижасига кўра, жорий йилнинг 20 апрель куни Жиноят-процессуал кодекснинг 83-моддаси 1,2-бандларига асосан жиноят ишини тугатиш тўғрисида қарор қабул қилинган.

Мазкур қарор Бош прокуратура томонидан назорат тартибида ўрганиб чиқилиб, 2021 йил 29 апрель куни бекор қилинган.

Дастлабки тергов жараёнида мол-мулкка қўйилган тақиқ ечилганлиги ҳолати юзасидан Тергов департаменти томонидан хизмат текширув ўтказилмоқда.

Ҳақиқатни аниқлаш ва ҳолатга қонуний баҳо бериш мақсадида, жиноят иши ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти иш юритувига олиниб, “Megatek-Avto” МЧЖ ҳамда жиноят ишига алоқадор “Grand Ravon Oil” МЧЖ ва “Vodiy Grand Optima” МЧЖларнинг барча мол-мулкларига тақиқ қўйилди.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабар беришича, мазкур жиноят иши департамент томонидан алоҳида назоратга олинган ва тергов натижаларига кўра, қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади.