Битирувчилар орасида стомотолог бўлишни истаганлар борми?

Ургут туманидаги мактабларга бириктирилган Самарқанд давлат тиббиёт институти юз-жағ хирургияси кафедраси профессор-ўқитувчиларининг тумандаги 27-мактаб юқори синфлар ўқувчилари билан учрашувида биринчи савол шу бўлди.

Дастлаб жимлик бўлган залда кафедра мудири, тиббиёт фанлари номзоди У.Ғаффоровнинг айни пайтда олий таълим муассасаларига қабул тартиблари, хусусан, тиббиёт институтига ўқишга кириш учун қайси фанларни чуқурроқ ўрганиш кераклиги, шунингдек, ўқув жараёнлари ҳақида берган маълумотидан сўнг стомотолог бўлишни истаганлар кўпайди.

Институтнинг стомотология факультети талабаси А.Ёқубовнинг институт ҳаёти, талабаларнинг олаётган билим ва кўникмалари ҳақида тайёрлаган тақдимоти эса ўқувчиларни тиббиёт фанига қизиқишларини орттирди. 

Мактабнинг кимё ва биология фани ўқитувчилари ҳамда ўқувчиларни қизиқтирган саволларга СамМИ профессор-ўқитувчилари жамоаси атрофлича жавоблар қайтариб, битирувчиларнинг олий таълим муассасаларига ўқишга кириш кўрсаткичини кўтаришда кўмаклашишига доим тайёр эканликларини айтишди.

Ойдин Норматова.