Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Битта тумандан учта мурожаат: Ургутда электр таъминоти иншоотлари «етиб келган» кўринади

Туманнинг "Ғиждувон" маҳалласи Чапдара қишлоғида яшовчи аҳоли вакиллари юборган мурожаатда айтилишича, маҳалладан ўтган юқори кучланишли симёғочлар 1968 йилда ўрнатилган. Ҳозир уларнинг деярли барчаси авария ҳолатида - бугун ё эртага йиқилиб тушадиган даражада. Паст кучланишли симёғочларни эса симлар зўрға кўтариб турганини суратлардан ҳам кўриш мумкин.

"Алгар" маҳалласидан келган мурожаатда ҳудуддаги 606-рақамли трансформатор икки йилдан бери яроқсиз экани айтилмоқда. "Трансформатор таъмири учун пул йиғишдан чарчадик", демоқда алгарликлар. Аҳоли мазкур мурожаатда ҳудудий электр тармоқлари корхонасидан трансформаторни жиддийроқ таъмирлаб беришни сўрамоқда.

Учинчи мурожаат - туманнинг "Хўжабаланд" маҳалласидан. Бу ердаги аҳвол янаям ачинарли. Мурожаатда ёзилишича, маҳалла 2018 йилда "Обод маҳалла" дастурига  киритилган. Маҳаллани ярмига электр тармоғи тортилган, қолган ярми (56 та хонадон)га тармоқ тортиш ишлари чала қолган. Бир неча мурожаатлар эътиборсиз қолдирилган. 2019 йилда, сайёр қабулда фуқароларнинг кўплаб мурожаатларидан сўнг маҳаллий ЭТК 2020 йил қилиб беришга ваъда берган. 2020 йилда эса 2021 йил иккинчи ярим йилликда қилиб берилиши маълум қилинган. Аммо ваъда ваъдалигича қолиб кетган.

«Аслида мана шундай ишни пайсалга соладиган раҳбарларни шу муаммоли ҳудудларга кўчириб олиб бориб қўйиш керак, шунда тезроқ муаммони ҳал қилиш устида бош қотиришади...», дейди мурожаат эгалари.