Zarafshonbot`га мурожаат: Ваъда бажарилмади, “столба”ларимиз ҳали ҳам ваъдабозларнинг меҳрига маҳтал

Ўтган йилнинг 4 октябрь санасида Zarnews.uz сайтида “Ҳечқурса, яроқсизларини алмаштириш мумкинку?!” сарлавҳаси билан маҳалламизда бундан 50 йил бурун ўрнатилган, яроқсиз аҳволга келиб қолган симёғочларни бетон устунларга алмаштириб берилиши сўралган мурожаатимиз эълон қилинган эди.

Мазкур мурожаат сайт юзини кўрган куннинг эртасигаёқ туман ҳокими ўринбосари Наврўз Раҳмоновнинг Zarnews.uz телеграм канали орқали “Бир ойга қолмасдан яроқсиз ёғоч устунлар босқичма-босқич бетон устунларга алмаштирилиши” ваъда қилинган муносабати билдирилди.

Афсуски, туман мутасаддисининг ушбу ваъдаси бажарилмай қолиб кетди. 1969 йилда тортилган симёғочларимиз бугун яна қарийб бир ёшга қариди ва қадди букилган чол каби бужмайишда давом этмоқда. Агар кучлироқ шамол турса, электр энергияси таъминотида тез-тез узилишлар содир бўляпти. Трансформатор атрофидаги симёғочлар ёмғирли кунларда ёниб кетяпти.

Нуробод тумани Тим қишлоғи, Аработа маҳалласи фуқаролари.