“Самарқанд шаҳар электр тармоқлари” корхонасининг 36 нафар ходими жавобгарликка тортилди, 6 нафари билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди

Жорий йилнинг шу давригача Самарқанд шаҳрида электр энергиясидан дебитор қарздорлик 93,1 млрд. сўмни ташкил этган. Бунда аҳоли “улуши” - 79,9 млрд. сўм, улгуржи истеъмолчилар - 13,1 млрд. сўм.

Дебитор қарздорликнинг ошиб кетишига қуйидаги омиллар сабаб бўлган: “Электрҳисоб” дастурига ҳақиқатда мавжуд бўлмаган истеъмолчиларнинг киритилганлиги ва уларга қарздорлик ҳисоблаб келинаётганлиги, ҳисоблагичларга ташқи аралашув йўли билан ёки тармоққа ўзбошимчалик билан уланиб, электр энергиясидан ноқонуний фойдаланилаётганлиги, эски русумдаги 8 500 та ҳисоблагичнинг мавжудлиги ва уларнинг АСКУЭ дастурига уланмаганлиги ҳамда ушбу ҳисоблагичлар кўрсаткичларининг ўз вақтида дастурга киритиб борилмаётганлиги, рақамлашган замонавий ҳисоблагичларнинг тўлиқ алоқага чиқмаслиги ва ҳисоб-рақамида пул маблағлари мавжуд бўлмаса-да, истеъмолчиларга электр энергияси узатилган.

Булардан ташқари, ҳисоблагичларнинг “алоқада фаол” эмаслигига уларнинг антеннасига шикаст етказилиши, электр энергияси узилганида ҳисоблагич билан алоқанинг йўқолиши, трансформатор пунктига ўрнатилган концентраторга шикаст етказилиши ёки ундаги уяли алоқанинг узиб қўйилиши ҳамда ҳисоблагич қопқоғининг очилиши сабаб бўлмоқда.

Самарқанд шаҳрида шу йилнинг сентябрь ойида бу каби камчилиги ва қарздорлиги мавжуд бўлган электр энергияси истеъмолчилари тўлиқ хатловдан ўтказилди, мазкур тадбирларни амалга ошириш учун шаҳар штаби таркибида 10 та ишчи гуруҳи тузилиб, уларга маҳалла ходимлари (бешлик), прокуратура, департамент, ИИБ, ДСИ, МИБ ва бошқа идоралар ҳамда “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Самарқанд ҳудудий филиали ходимлари жалб этилди. Ишчи гуруҳлари томонидан истеъмолчиларнинг қарздорлиги ҳаққонийлиги, “Электрҳисоб” дастуридаги абонентларнинг ҳақиқатда мавжудлиги, АСКУЭ тизимида алоқада бўлмаган ҳисоблагичларнинг сабаблари ўрганилди.

Кунлик сўров ва назорат ўрнатилиб, тўпланган маълумотлар умумлаштирилди. Натижаси бўйича ўз хизмат вазифаларини лозим даражада бажармаган ходимларга нисбатан тегишли чоралар кўрилди.

“Самарқанд шаҳар электр тармоқлари” корхонасининг 26 нафар ходими маъмурий ва 10 нафари интизомий жавобгарликка тортилиб, шундан 6 нафари билан тузилган меҳнат шартномалари бекор қилинди. 13 556 истеъмолчи кўрикдан ўтказилди, қарздорлиги мавжуд бўлган 1398 истеъмолчилар тармоқдан узилди. “Алоқада фаол” бўлмаган 9 113 истеъмолчи алоқага чиқарилди. 7,8 млрд. сўм қарздорлиги мавжуд бўлган 314 истеъмолчининг банк ҳисоб-рақамларига инкасса топшириқномаси қўйилди. 142 та қоидабузарлик ҳолатлари аниқланиб, далолатномалар расмийлаштирилди. 104 та ташқи аралашувлар бартараф этилиб, улар бўйича далолатнома қилинди ва бу ҳолатлар бўйича айбдор шахслар маъмурий жавобгарликка тортилди. 976 истеъмолчига янги абонент ҳисоб-рақамлари очилиб, АСКУЭ тизимига киритилди.

Эски русумдаги ҳисоблагичларни рақамлисига алмаштириш ишлари бошланиб, ҳозирга қадар 240 таси ўрнатилди ва бу борадаги ишлар давом этяпти.

Кўрилган чора-тадбирлар натижасида 25,5 млрд. сўм (аҳоли 1,1 млрд. сўм ва улгуржи 24,4 млрд. сўм) дебитор қарздорлик камайишига эришилди. Эгаси аниқланмаган 25,7 млрд. сўмлик нореал қарздорликлар бўйича 2 та, 975,7 млн. сўмлик электр энергиясидан тижорат мақсадида ноқонуний фойдаланган 4 истеъмолчига нисбатан 4 та жиноят иши қўзғатилди. Истеъмолчилардан 53,4 млрд. сўм (8 млрд. сўм аҳоли ва 45,4 млрд. сўм улгуржи) пул маблағлари ундирилди.

Амриддин Баҳриддинов,

вилояти прокуратураси бўлим бошлиғи.

Фаёз Турсунов,

вилоят прокуратураси бўлим катта прокурори.