“Электросеть” бошлиғи истеъмолчилардан узр сўради
- Самарқанд шаҳри, Қорасув массивидаги 7 та кўп қаватли уйга қачон узлуксиз электр энергияси берилади?
- Тойлоқ туманидаги Туёқли, Пайариқ туманидаги Ғойибота ҳамда Самарқанд шаҳридаги Боғибаланд маҳаллаларида ўрнатилган янги трансформаторлар қачон тармоққа уланади?
“Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти Самарқанд ҳудудий филиалида бўлиб ўтган матбуот анжуманида шу ва бошқа саволларга жавоб олинди.
Маълумотларга кўра, 2023 йил куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида 13 дона 35-110 кВ кучланишли трансформатор, 2941,2 километр электр узатиш тармоқлари, 1174 дона 6-10/0,4 кВ кучланишли трансформатор пунктлари мукаммал таъмирланган. 129 та юқори, 1911 та паст кучланишли трансформатор, 5799 километр масофадаги паст кучланишли электр узатиш тармоқлари жорий таъмирдан чиқарилган. Фавқулодда аварияларни қисқа муддатларда бартараф этиш учун 36 та тармоқ трансформатори, 20,2 тонна трансформатор мойи, 75 та темир-бетон таянч, 1 тонна сим, 5,9 километр кабель ва 65 та кабель муфталаридан иборат захира яратилди. Шунингдек, 542 нафар мутахассислардан иборат 84 та таъмирлаш бригадалари, 10 та махсус техника, 42 та автотранспорт ва механизмлар ташкил этилган.
- Аввало, барча истеъмолчилардан электр энергияси тизимидаги камчиликлар ва оқсоқланишлар учун узр сўрайман, - дейди “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти Самарқанд ҳудудий филиали бошлиғи Умид Назаров. – Чунки, кўп ҳудудларда бошлаган ишларни ўз вақтида якунига етказа олмаяпмиз. Қаердадир трансформатор, қаердадир бетон устунлар ўрнатиш ёки тармоққа улаш ишлари турли сабаблар билан ўз вақтида бажарилмаяпти. Жорий йилда дастур ва режалар асосида бошланган ишларнинг 377 таси тўхтаб қолди. Имкониятларимизни чамалаб йил якунигача барча ишларни охирига етказамиз.
Жумладан, Самарқанд шаҳри Кимёгарлар қўрғонида 1,2 км 110 кВли электр узатиш тармоғи қурилиши, Афросиёб, Регистон, Ғарбий ва Шимолий подстанцияларидаги реконструкция ишлари жорий йилнинг 1 октябригача, катта юкламада ишлаётган Шоҳи Зинда подстанциясида 4000 кВА трансформатор 1 ноябрга қадар янгиланади.
- Аҳоли мурожаатларини ҳам ўз вақтида ўрганиб, имконият борича ижобий ҳал қилишга алоҳида эътибор қаратяпмиз, - дейди У.Назаров. - Жумладан, Қорасув массивида жойлашган бироқ, юклама кўплиги туфайли “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Самарқанд тумани филиалига қарашли электр тармоқларига уланган 7 та кўп қаватли уйлардаги узилишлар “Мотрид” подстанциясига 6300 кВА куч трансформатори ўрнатиш орқали барҳам топади. Ҳозирда бу борада иш олиб боряпмиз, жорий йил якунигача барча уйлар узлуксиз электр билан таъминланади. Шунингдек, Иштихон, Қўшработ ва Оқдарё туманларида жойлашган электр подстанцияларининг кучланиш қуввати икки баробарга оширилган бўлса, бу ишлар Самарқанд, Каттақўрғон, Пайариқ ҳамда Булунғур каби туманларда йил якунигача ниҳоясига етказилади. Шунингдек, Тойлоқ туманидаги Туёқли, Пайариқ туманидаги Ғойибота ҳамда Самарқанд шаҳридаги Боғибаланд маҳаллаларида ўрнатилган янги трансформаторлар ҳам бир ҳафта ичида тармоққа уланади.
Матбуот анжуманида журналистларни қизиқтирган саволларга соҳа мутасаддилари жавоб беришди.
Дилмурод ТЎХТАЕВ.