"Биз бу даҳшатни тўхтатишимиз керак": НАТОнинг тўртта давлати президентлари Украинага келишди

Польша, Эстония, Литва ва Латвия президентлари Киевга ташриф билан келди ва у ерда Владимир Зеленский билан учрашди. Уларга Германия президенти Франк-Вальтер Штайнмайер қўшилиши керак эди, аммо унинг келишига рўйхушлик бўлмади.

Бунгача НАТОнинг 4 та давлати раҳбарлари Бородянкага ташриф буюришган. Украина расмийлари маълумотига кўра, у ерда вазият Бучадагидан ҳам ёмонроқ бўлиши мумкин.

Литва президенти Гитанас Науседа кўрганларини шарҳлар экан, “Россия армияси томонидан содир этилган шафқатсиз ҳарбий жиноятлар жазосиз қолмаслигини” айтди.

«Бутун оилалар ўлдирилса ва жойида кўмилса, гўдаклар зўрланса ва бундай ваҳшийлик нафрат билан намойиш этилса... Тарихда бунга қиёсни топиш қийин. Бу ваҳшийликлар одамлар томонидан эмас, қандайдир табиат хатоси бўлган мавжудотлар томонидан қилингандек.
Шунинг учун биз бу даҳшатли урушни тўхтатишимиз керак», деди Литва Президент Гитанас Науседа.

ЕХҲТ (Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти) топшириғи билан чоршанба куни эълон қилинган ҳисоботда “рус қўшинларининг жанговар ҳаракатларни амалга оширишдаги бузилишларининг аниқ намуналари” ҳақида сўз боради.

Шу билан бирга, ҳужжатда Украина томонидан ҳам қонунбузарликлар бўлганлиги кўрсатилган, бироқ Россия томонидан содир этилганлари “миқёси ва характери жиҳатидан анча кенгроқ” деган хулосага келинган.

AP агентлигининг хабар беришича, ҳисобот Украина томонидан танланган экспертлар томонидан тузилган.