Бу кунларга етганлар бор

Уруш даҳшатлари, ўқлар товуши, ҳар қадамда ўлимга рўбару бўлиш Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, уруш орти фахрийлари хотирасида. Улар ҳаётининг машъум кунларини қалбда оғриқ билан ёдга олади.

Самарқанд шаҳрида истиқомат қилувчи 94 ёшни қаршилаётган Тожибой Ҳамзаев билан суҳбатлашганимизда, кўзларида ёш билан уруш хотираларини гапириб берди.

- 1941 йилда отам вафот этди, - деди отахон. – Дастлаб акам урушга кетган бўлса, 1943 йилда мени ҳам армияга чақиришди. Онам ёлғиз синглим билан қолди. Бу кунни хотирамдан чиқара олмайман...

Тожибой бобо онасини сўнгги бор кўриши эди. Уруш уни акасидан, онасидан айирганди.

- Ҳарбий хизматни дастлаб Семипалатинскда ўқиш билан бошладик, - дея хотирлайди Тожибой бобо. - У ерда пулемётдан ўқ отишни ўргандим. 2-Белоруссия фронтининг 15-дивизионидаги 321-ўқчи полкида пулемётчи бўлиб хизмат қилдим. Уруш ўз номи билан уруш, ҳеч кимни аяб ўтирмайди. Яқин сафдошларимнинг кўз олдимда ҳалок бўлгани, баъзан душманнинг қақшатқич зарбалари сабаб уларни кўмишга ҳам имконият бўлмагани юрагимни ўртайди. Биргина эътиборсизлик ҳаётингизга нуқта қўйиши ҳеч гап эмас эди.

Тожибой Ҳамзаев 1950 йилда юртига қайтди. 1951-1954 йилларда шаҳар қамоқхонасида хавфсизлик хизмати ходими бўлиб ишлади. Кейинчалик нафақага чиққунича, Самарқанд шаҳар ички ишлар бўлимининг Боғишамол тумани хавфсизлик бўлимида фаолият юритди.

37 йил ички ишлар идораларида фаолият юритган Тожибой Ҳамзаев оилада ҳам, фарзанд тарбиясида ҳам тартибни биринчи ўринга қўйди. Турмуш ўртоғи Мусаллам Файзиева билан 3 ўғил, 1 қизни вояга етказди.

Тожибой бобо ҳаётининг унутилмас кунлари муҳрланган альбомни қўлига олар экан, “Биз кўрган кунларни кўрманглар, болам”,  дея қўлларини дуога очди.

Насиба ЖОНТЎРАЕВА,

Замира Болтаева (фото).