Бизнес-омбудсман: 2 ой давомида ажратилмай келинган кредит 4 кунда берилиши таъминланди

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (Бизнес-омбудсман)нинг Самарқанд вилоятида фаолият юритувчи ходимларига шу йилнинг биринчи чорагида 150 дан ортиқ мурожаат келиб тушган.

Мурожаатларнинг 65 таси қаноатлантирилган, 74 тасига ҳуқуқий тушунтиришлар берилган, 1 таси тегишлиги бўйича идорага юборилган, 10 таси кўриб чиқиш жараёнида.

Мурожаатларни асосий қисми кредит ажратиш, кредит муддатларини узайтириш, инфратузилма ва бошқа масалаларга тегишли.

Масалан, Пахтачи туманида фаолият юритувчи “Пахтачи автотех” МЧЖ раҳбари М.Тўрақулов Халқ банкидан 1 миллиард 960 миллион сўм миқдорида кредит ажратилишида амалий ёрдам сўраб мурожаат қилган. Бизнес-омбудсман ходимлари томонидан унинг мурожаати кўриб чиқилди. Ҳолат қонуний ўрганилгач, 4 кун муддатда тадбиркорга кредит ажратилиши таъминланди.

Бундан ташқари, Пахтачи туманида фаолият юритувчи "Абдуллоҳ Муҳаммадали Самарқанд Савдо" МЧЖ раҳбари С.Эсонов Халқ банкидан 500 миллион сўм миқдорида кредит ажратилишида амалий ёрдам сўраб мурожаат қилган. Бизнес-омбудсман аралашуви билан ушбу масала ҳам қисқа муддатда ижобий ечимини топди.

Шодибек Ҳамроев,

Бизнес-омбудсман ходими.