Шаҳар ҳокимининг қарори бекор қилинди, 64 нафар мансабдор жаримага тортилди
Бизнес-омбудсманнинг вилоятдаги ходимларига жорий йилнинг 5 ойида тадбиркорлардан 235 та мурожаат келди ва уларнинг 203 таси кўриб чиқилди. Мурожаатларнинг 72 таси ижобий ҳал этилди, 131 тасига норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ҳаволалар қилинган ҳолда тушунтириш берилди.
Мурожаатларни соҳалар кесимида таҳлил қилсак, 60 та рухсатнома, лицензия ва ҳужжатлар расмийлаштириш, 40 та ер ажратиш ва компенсация, 36 та банк-кредит, 28 та суриштирув-тергов масаласи, 18 та солиқ, 10 та суд қарорлари ва 43 таси бошқа масалаларни ташкил этди. Мурожаатлар ҳамда таҳлиллар асосида тадбиркорларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш юзасидан давлат органларига 76 та таъсир чоралари қўлланилди (8 та тақдимнома, 4 та даъво ариза ва 64 та маъмурий баённома).
Мисол учун, Каттақўрғон шаҳар ҳокимининг 2020 йил 28 февралдаги қарори билан “KURGAN BROTHERS INVEST” МЧЖга замонавий лойиҳалар асосида енгил конструкцияли автобекат ташкил этиш учун ер майдони ажратиш ҳамда қурилишга рухсат бериш тўғрисидаги қарори Ер кодекси, «Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида»ги Қонун талабларига зид равишда бекор қилинган. Шу боис, шаҳар ҳокимининг 2021 йил 11 январдаги қарорини ҳақиқий эмас, деб топиш тўғрисида Самарқанд туманлараро маъмурий судига даъво ариза киритилди.
Шунингдек, Бизнес-омбудсманнинг вилоятдаги ходимлари аралашуви билан тадбиркорлик фаолияти учун 3 миллиард сўмдан ортиқ кредит маблағи ажратилиши таъминланди.
Мисол учун, Пахтачи туманида фаолият юритувчи "Пахтачи автотех" МЧЖ раҳбари А.Тўрақуловнинг мурожаатига асосан, жамиятга 4 кун ичида АТ Халқ банкидан 1 миллиард 960 миллион сўм кредит ажратилди.
Бундан ташқари, назорат қилувчи органларнинг тадбиркорлар ҳуқуқи ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиши ўрганилиб, 3 203 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди. Бунинг натижасида 64 нафар мансабдор шахсдан 81 миллион сўм жарима ундирилди. Шунингдек, тадбиркорлик субъектларида ноқонуний текшириш ўтказган 8 та назорат қилувчи органнинг 44 нафар мансабдор шахслари (солиқ идораларидан 17 нафар, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш инспекциясидан 12 нафар, кадастр агентлигидан 5 нафар, агроинспекциядан 3 нафар, кон-геология фаолиятини назорат қилиш инспекциясидан 3 нафар, санитария-эпидимиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматидан 2 нафар, қурилиш идораси ва Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасидан 1 нафар) га нисбатан қонуний чора кўрилди.
Мисол учун, 2021 йил 3 март куни кадастр агентлиги Самарқанд тумани бўлимининг 2 нафар раҳбар ходими “Карвон-Файз” МЧЖ фаолиятида ноқонуний текшириш ўтказганлиги учун уларга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилган. Суд қарори билан уларнинг ҳар бирига базавий ҳисоблаш миқдорининг 40 баравари - 9 миллион 800 минг сўмдан жарима жазоси қўлланилган.
Ш.Ҳамдамов,
Бизнес-омбудсман етакчи инспектори.