Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати 2 817 ҳолатда тадбиркорлар ҳуқуқларини бузганлиги аниқланди, шундан 639 таси Самарқандда
Бизнес-омбудсман томонидан Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматида ўтказилган ўрганишларда 2 817 ҳолатда тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг бузилишига йўл қўйилганлиги аниқланди.
Жумладан, 1 814 ҳолатда тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текшириш ўтказиш билан боғлиқ қонунчилик талаблари бузилган. Ҳудудлар кесимида энг кўп йўл қўйилган қонун бузилиш ҳолатлари:
➖Самарқанд вилоятида (639 та),
➖ Жиззах вилоятида (598 та),
➖ Наманган вилоятида (363 та) учраган.
Шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг мурожаатларини кўриб чиқишда 612 ҳолатда ҳуқуқбузарликларга йўл қўйилган. Бундан ташқари, 363 ҳолатда тадбиркорларга давлат хизматлари кўрсатишда қонунчилик талаблари ва белгиланган муддатларга амал қилинмаган.
Қайд этилган камчиликларга йўл қўйган 278 нафар мансабдор шахсларга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилган.
Шу билан бирга, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматида йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш, уларни келгусида йўл қўйилишининг олдини олиш ҳамда тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича тегишли чоралар кўрилиши юзасидан тақдимнома киритилди.