Бизнес-омбудсман: Тадбиркор ҳисобрақамига қўйилган тақиқ икки кунда олиб ташланди

Бугунги кунда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг фаолиятига давлат органлари асоссиз аралашувининг олдини олиш, хусусий мулк дахлсизлигининг ҳуқуқий механизмларини янада мустаҳкамлашда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (Бизнес-омбудсман)нинг роли ошиб бормоқда.

2020 йил давомида бизга Самарқанд вилоятидаги тадбиркорлик субъектлари томонидан 300 дан ортиқ мурожаат келиб тушди ва уларнинг 95 таси қаноатлантирилди. 186 таси бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилди, 21 таси тегишлилиги бўйича бошқа идораларга юборилган, 14 таси кўриб чиқиш жараёнида.

Мурожаатларнинг асосий қисми кредит ажратиш, лицензия бериш, инфратузилма ва бошқа масалаларга тегишли бўлди.

Мисол учун, “Исматилло савдо сервис” МЧЖ раҳбари Булунғур туманида сиқилган табиий газ сотиш шохобчасини ишга тушириш мақсадида лицензия олишда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилди. Масала белгиланган тартибда ўрганилиб, муаммо қисқа муддатда ўз ечимини топди.

Паст Дарғом туманида фаолият юритувчи “Шамшодбек Мехрочбек” МЧЖ раҳбари футбол майдончаси қуриш мақсадида “Агробанк”дан кредит ололмаётганини маълум қилди. Унинг мурожаати ўрганилгач, тез орада 220 миллион сўм кредит ажратиб берилди.

Шунингдек, Оқдарё туманида фаолият юритувчи “Севара” хусусий корхонаси раҳбари Ф.Омонов “Туронбанк”нинг Лоиш филиалидаги ҳисоб рақамига қўйилган таъқиқни олиб ташлашда амалий ёрдам сўради. Ушбу масала ҳам белгиланган тартибда кўриб чиқилиб, ҳисоб рақамига қўйилган тақиқ 2 кунда олиб ташланиши таъминланди. Бу чорани қўллаган мансаабдор шахс эса маъмурий жавобгарликка тортилди.

Шодибек ҲАМРОЕВ,

Бизнес-омбудсман ходими.