Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Бизнес-омбудсман аралашгач, тадбиркорга кредит ажратилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (бизнес-омбудсман)га давлат органлари томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларига риоя этилиши юзасидан назоратни амалга ошириш, тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини текшириш амалга оширилаётганда уларни ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ва бошқа бир қатор вазифалар юклатилган.

Бизнес-омбудсманнинг Самарқанд вилоятида фаолият юритувчи ходимлари ҳам ушбу вазифалардан келиб чиқиб ҳамда тадбиркорларнинг мурожаатлари асосида уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиб келмоқда.

Жорий йилнинг тўққиз ойи мобайнида бизга тадбиркорлик субъектларидан 231 мурожаат келиб тушди. Ушбу мурожаатларнинг 61 таси қаноатлантирилди, 140 тасига тегишли тартибда ҳуқуқий тушунтириш берилди, 20 мурожаат тегишлилигига кўра бошқа идораларга юборилди.

Мурожаатларнинг 30 фоизи ер ва бинолар билан боғлиқ масалаларга, 12 фоизга яқини солиқ муносабатларига, 8 фоизи шартномавий муносабатларга, 5 фоиздан ортиғи кредит ва банклар фаолиятига тегишли бўлди.

Жумладан, “Агро голден финанс” масъулияти чекланган жамияти бир неча ойдан буён “Микрокредитбанк” Каттақўрғон шаҳар филиали томонидан кредит берилмай келаётганлиги ҳақида мурожаат қилди. Мурожаат белгиланган тартибда ўрганилиб, тадбиркорга қисқа муддатда 2,5 миллиард сўм миқдоридаги кредит ажратиш чораси кўрилди. Худди шундай мурожаат асосида шу банк муассасасидан “Уста Аминжон инвест” МЧЖга ҳам 750 миллион сўм кредит ажратилиши таъминланди.

Шодибек Ҳамроев,

Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонининг Самарқанд вилоятида фаолият кўрсатувчи етакчи инспектори.