Blackout: дунё бўйича электр энергияси тизимида юз берган йирик узилишлар

25 январь куни Ўзбекистоннинг кўплаб ҳудудларида, Қирғизистон ва Қозоғистоннинг алоҳида вилоятларида Марказий Осиё ягона электр тармоғида йирик авария юз бериши оқибатида бир неча соат мобайнида электр таъминотида узилиш ҳолати кузатилди.
Ҳодиса уч мамлакатнинг 40 миллиондан зиёд аҳолисига таъсир кўрсатди. Ҳалигача стратегик объектлар, ижтимоий муассасалар ва аҳолига электр энергияси етказиб бериш ишлари босқичма-босқич амалга оширилмоқда.

Бироқ юз берган ҳалокат масштаби бўйича дунё электр энергияси тарихида энг йириги эмас. Бундай Blackout’лар ёки узилишлар, одатий ҳолдагидек, авария ёки табиий офатлар натижасида аввал ҳам содир бўлган.

“Yuksalish” умуммиллий ҳаракати мана шундай йирик blackout’лар ҳақида маълумотни тақдим этди.

Масалан, 2003 йил 14 август куни АҚШда мамлакат тарихида электр таъминотидаги йирик ҳалокат юз берди. Уни “Буюк блэкаут—2003” деб номлашган. Ўшанда АҚШ ҳамда Канаданинг шимолий-шарқий қисмидаги катта шаҳарлари электр энергиясидан узилган. Умумий ҳисобда 263 та электр станциялари, шу жумладан АҚШ ва Канададаги 10 та АЭСда узилиш кузатилган. Натижада 55 миллион аҳоли чироқсиз қолган. Расмий маълумотларга кўра, зарар миқдори камида 6 миллиард долларни ташкил этган.

1977 йилда Нью-Йорк аҳолиси “қўрқув кечаси”ни бошдан ўтказди, шаҳарда оммавий ўғирликлар ва ёнғинлар юз берди. Яъни, 13 июль куни соат 21:00 атрофида чақмоқ уриши оқибатида иккита асосий электр тармоғи ишдан чиқди ва шаҳар электр энергиясиз қолди. Нью-Йорк кўчалари ўғри-талончиларга тўлиб кетди. “Қўрқинчли кеча” оқибатида юзлаб инсонлар жароҳатланди, 3,7 мингдан ортиқ киши ҳибсга олинди, 2 мингдан ортиқ дўкон талон-торож қилинди ва 300 миллион долларга яқин зарар етказилди.

2012 йил июль ойида дунёдаги энг йирик электр таъминотидаги узилишлардан бири юз берди. 2012 йилнинг 30—31 июль кунлари Ҳиндистоннинг 20 та штатидаги 650 миллионга яқин аҳоли қарийб 8 соат давомида зимистонда қолди. Касалхоналар ва мактаблардан электр таъминоти узилди, 500 дан ортиқ поездлар ҳаракати тўхтатилди. Мамлакатдаги энергия инқирози шимолий тўртта – Ражастхан, Ҳаряна, Панжоб ва Уттар-Прадеш штатларининг электр энергия истеъмоли меъёридан ошиб кетганидан кейин бошланди.

Бир йил олдин, яъни 2021 йил 9 январь куни электр энергиясидаги йирик узилиш Покистонда содир бўлди. Бу барча йирик шаҳарлар, жумладан, пойтахт Исломободга ҳам таъсир кўрсатди. Узилишга мамлакатдаги энг йирик иссиқлик электр станцияларидан бири “Гудду”да юз берган авария сабаб бўлди, натижада Покистондаги бошқа электр станциялар ҳам ишлашдан тўхтади. Деярли 20 соат давомида 200 миллионга яқин аҳоли чироқсиз қолди.