БМТ Бош Ассамблеяси Россияни Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш таркибидан чиқаришга овоз берди
БМТ Бош Ассамблеяси Россиянинг Инсон ҳуқуқлари кенгашидаги аъзолигини тўхтатувчи резолюцияни қабул қилди. Резолюцияни 93 давлат қўллаб-қувватлади, 24 давлат қарши овоз берди, 58 давлат бетараф қолди. Ушбу қарор доирасида Россия овоз бериш ҳуқуқидан маҳрум бўлади, бироқ Кенгаш йиғилишларида қатнашиши мумкин.
Украинанинг БМТдаги элчиси Сергей Кислица шундай деди: “Россия армияси томонидан минглаб тинч аҳоли ўлдирилган, қийноққа солинган ва зўрланган, талон-торож қилинган Буча ва Украинанинг ўнлаб бошқа шаҳар ва қишлоқлари Россия Федерацияси инсон ҳуқуқлари соҳасида ўзининг дастлабки декларациясидан қанчалик узоқ кетганига мисол бўла олади".
Россия Федерациясининг БМТдаги доимий вакили ўринбосари Геннадий Кузмин, ўз навбатида, резолюция лойиҳасини "АҚШнинг ўз ҳукмрон мавқеи ва тўлиқ назоратни сақлаб қолишга уриниши" деб атади.
"Бизга қарши қаратилган уйдирма материаллар, саҳналаштирилган кадр ва такрорий сохта фейкларга асосланган бўҳтонни рад этамиз", деди у. Кузмин, шунингдек, Россия БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши аъзолигини муддатидан олдин тугатишга қарор қилганини айтди.
БМТ Бучада содир бўлган воқеаларни мустақил текширишга чақирмоқда. Кремль эса Россия қўшинлари тинч аҳолини нишонга олмаганини таъкидламоқда. Бу орада Германия оммавий ахборот воситалари «немис разведкаси рус ҳарбийларининг Буча шаҳрида тинч аҳоли ўлдирилиши муҳокама қилинган радио хабарларини ушлагани» ҳақида хабар бермоқда.