БМТ мутахассиси: Ҳаётидан мамнун вояга етаётган фарзанд жиноятга қўл урмайди

Бугун Самарқанд шаҳрида Халқ таълими вазирлиги ва БМТнинг Наркотиклар ва жиноятга қарши кураш минтақавий бошқармаси билан ҳамкорлик доирасида “Таълим адолат учун” шиори остида тренинг машғулотлари ўтказилмоқда. Тренингда Самарқанд, Жиззах, Навоий ва Бухоро вилояти халқ таълими бошқармалари вакиллари, умумий ўрта таълим мактаблари раҳбар ва педагог ходимлари иштирок этмоқда.

- “Таълим адолат учун” ташаббусининг мамлакатимизда жорий этилиши 2018 йилдан бошланиб, икки йилдан бери амалиётда ўзининг ижобий натижаларини бермоқда, - деди БМТ вакили Гульнар Кудайбергенова. – Ўқитувчилар ўқувчилар онгига қонун устуворлиги маданиятини шакллантириш, жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш кўникмасини ривожлантиришга хизмат қилувчи қадриятларни сингдириши лозим.

Тренингда ўқитувчиларга БМТ мутахассиси Индира Муқимова болаларни ва аёлларни зўравонликдан асраш ҳақида ўқув курси ўтди.

- Гендер тенглик дегани эркак ва аёл ҳамма вазифада тенг дегани эмас, балки улар ҳуқуқларда тенгдир, - деди у. – Аёлга нафақат моддий, балки маънавий ва руҳий мадад бериш керак. У ўзини бахтли ҳис этса, оилада тарбия топаётган болалар ҳам бахтиёр улғаяди. Ҳаётидан мамнун бўлиб вояга етган фарзандлар жиноятга қўл урмайди.

Семинар доирасида ўқитувчилар учун аёлларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш бўйича “Ҳурмат” рисоласи ва болаларга нисбатан зўравонликни бартараф этиш бўйича еттита стратегияни амалга ошириш бўйича “Илҳом” қўлланмалари тақдим этилди. Ўқувчиларни коррупция, гиёҳвандлик каби жиноятлардан асраш бўйича интерфаол усулда машғулотлар ўтиш, мультфильмлар намойиш этиш орқали тарбиялаш сирлари тушунтирилди.

Мазкур ўқув курси БМТнинг ҳар йиллик “Гендер зўравонликка қарши 16 кун” халқаро компаниясининг асосий тадбирларидан бири ҳисобланади.

Семинар икки кун давом этади.

Хуршида ЭРНАЗАРОВА.