Боғчадаги беш тонна кўмир нега яроқсиз чиқди?
– 1982 йилда қурилган боғчамиз бугунга келиб, хароба аҳволга тушиб қолган, – дейди ушбу мактабгача таълим муассасаси тарбиячиси Ибодат Эргашева. – Эшик-деразалар эскириб, пол тешилиб қолган. Қўлбола печларда ўтин ёқиб кун кўрамиз.
– Энг ёмони, боғчада ичимлик суви йўқ, – дейди ҳамшира Шаҳло Исломова. – Овқат пиширишга қийналамиз, ёнимиздаги ҳовлилардан ташиб келамиз. Қиш мавсуми учун берилган олти тонна кўмирнинг атиги бир тоннаси яроқли чиқди. Қолган беш тоннаси уваланиб ётибди, ёқиб бўлмайди. Мактабгача таълим муассасаси совуқлиги учун 80 нафар ўрнига 25-30 нафар бола қатнаяпти. Катта ва кичик ёшдаги болаларни бир гуруҳда олиб ўтиришга мажбурмиз.
– Бола камлиги туфайли маошимизнинг ҳам тайини йўқ, – дея гапга қўшилади Гулнора Ёдгорова. – Бунинг устига металлом, арча кўчати учун пул йиғишлари ортиқча. Болалар каравоти, чойшаблар эскириб кетган. Совуқдан бир амаллаб ўтиб олдик, аммо қишнинг бир куни ҳам қиш-да.
Бу айтилганлар сирасига эшик ушлагичлару деразанинг синган кўзларини ҳам қўшиб тасаввур қилсангиз, аянчли ҳолат кўз ўнгингизда гавдаланади. Шароитнинг ёмонлиги бир тараф-у, бу боғчада тартиб-интизомнинг йўқлиги яна бир тараф. Мисол учун, тарбиячилар машғулот ўтиши учун режа тузмаган. Турли ёшдаги болалар йиғилган, бир амаллаб иситилаётган хонада кун ўтказишнинг ўзи ҳам етарли, режага нима бор дерсиз? Ҳатто таомнома ҳам йўқ.
Бу ердаги аҳволга мутасаддилар нима дер экан? Яқин йилларда бу боғчада яхши томонга ўзгариш бўлишидан умид қилиш мумкинми?
Азим ҚОДИРОВ.