Боғчага бормаган тадбиркор қишлоғидан болалар боғчаси қуриб берди
Бугун оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерлар учун вилоятдаги мактабгача таълим ташкилотларига пресс-тур ташкил этилди.
Дастлаб, иштирокчиларга Каттақўрғон туманидаги “WILLAGE SCHOOL” номли давлат-хусусий шериклик асосидаги мактабгача таълим ташкилоти фаолияти таништирилди.
- Болалигим мана шу Энамяхши қишлоғида ўтган, аммо боғча йўқлиги сабаб, боғчага бормаганман, - деди ушбу мактабгача таълим ташкилотини давлат-хусусий шериклик асосида қуриб берган тадбиркор Анваржон Норбоев. – Шу сабабли яхши ниятлар билан аҳолининг кўп йиллик орзусини ушалтириш мақсадида 288 ўринга мўлжалланган болалар боғчаси қуришга бош-қош бўлдим. Боғча ишга тушганига беш ой бўлди. Бу ерда аҳоли тарқоқ жойлашган бўлиб, боғчага 15 та қишлоқдан 245 нафар бола қатнайди, уларни автобусда ўзимиз олиб келамиз.
Кенг адирлик бағрида қад ростлаган икки қаватли замонавий болалар боғчасида рус ва инглиз тилларида машғулотлар олиб борилади. Рақс, шахмат-шашка, кураш каби тўгараклар ҳам болажонларнинг ҳар томонлама етук инсон бўлиб улғайишига ёрдам беради.
Шундан сўнг тадбир иштирокчилари Паст Дарғом туманининг "Қоқсой" маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган мобил гуруҳ фаолияти билан танишди. Маҳаллада 48 нафар мактабгача ёшдаги болалар бўлиб, улар 3 сменада мобил гуруҳларга қамраб олинган. Вилоятнинг чекка ҳудудларида “Ақлвой” лойиҳаси доирасида 5 та “ИСУЗУ” русумли автобус ичида болаларга машғулотлар ўтилади. Шунингдек, болалар учун ёзги ўйингоҳлар ҳам мавжуд. Паст Дарғомдаги мазкур муассасада ҳам шу амалиёт йўлга қўйилган.
Пресс-тур давомида журналист ва блогерлар туманнинг Ҳовузак маҳалласида жойлашган оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти билан ҳам танишди.
- Болаларни яхши кўрганим сабабли, оилавий боғча очишга қарор қилдим, - дейди оилавий боғча директори Шаҳноза Ҳасанова. – Дастлаб, боғча 25 ўринга мўлжалланган эди, талаб кучайгач, 2021 йилнинг январида қамровни 50 ўринга кўпайтирдик. Машғулотларимиз рус, инглиз тилларида олиб борилади. Бундан ташқари, бадиий гимнастика, таэквондо тўгараклари ҳам бор.
Маълумот учун: Бугунги кунда вилоятда 3498 та МТТга 230 268 нафар бола (67,5 фоиз) қамраб олинган.