Божхона: Кўрсаткичлар ошган, ҳуқуқбузарликлар ҳам
26 январь - Халқаро божхона куни (International Customs Day) сифатида нишонланади. Ушбу сана 2018 йилдан буён юртимизда ҳам Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати идоралари ходимлари куни деб белгиланган.
Айни тадбир божхона хизматларининг бирдамлигини ифодалабгина қолмай, соҳада йил якунларини сарҳисоб қилиш, истиқболли режалар тузишни ҳам англатади. Анъанага мувофиқ, вилоят божхона бошқармаси ўтган даврдаги фаолияти натижалари билан бўлишди.
Маълумотга кўра, 2024 йилда вилоятимиздан давлат бюджетига ундирилган божхона тўловлари 3,4 триллион сўмни ташкил этган. Тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш мақсадида божхона тўловларидан 1,81 триллион сўмга яқин имтиёз ва тариф преференциялари қўлланилган. Божхона тўловларини кечиктириб тўлаш тартибларининг соддалаштирилиши натижасида тадбиркорларга 617,9 миллиард сўм миқдоридаги божхона тўловларини тўлашда енгиллик яратилган.
Ўтган йилда вилоят божхона бошқармаси орқали ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари томонидан 881,4 миллион АҚШ долларилик экспорт амалга оширилиб, 2023 йилга нисбатан 95,7 миллион АҚШ долларига ёки 12,2 фоизга кўпайган. Экспортнинг асосий қисмини мева-сабзавот маҳсулотлари (248,8 миллион АҚШ доллари), метал ва улардан тайёрланган буюмлар (160,7 миллион АҚШ доллари), озиқ-овқат маҳсулотлари (104,2 миллион АҚШ доллари) транспорт ва унинг эҳтиёт қисмлари (102,0 миллион АҚШ доллари) ташкил этган. Товарлар асосан Россия, Хитой, Қозоғистон, Озарбайжон, Туркия ҳамда Тожикистонга экспорт қилинган. Импорт эса 2136,8 миллион АҚШ долларига тенг бўлган.
Ҳисобот даврида “Самарқанд аэропорти” чегара божхона пости орқали ҳаракатланган йўловчилар сони ҳам сезиларли ошган. Масалан, 2023 йил давомида 949330 нафар йўловчи қайд этилган бўлса, 2024 йилда бу кўрсаткич 221014 нафарга ёки 18,9 фоизга ошган. Шунингдек, “Жартепа” чегара божхона пости орқали ҳаракатланган автотранспорт воситалари сони 2023 йилда 65,1 мингтани ташкил этган бўлса, 2024 йилда уларнинг сони 87,9 мингтага етган.
Вилоят божхоначилари томонидан ўтган йили 1658 та ҳуқуқбузарлик ҳолати аниқланиб, 37 миллиард 568,4 миллион сўмлик товар ва транспорт воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилган. Жараёнда 1514 та маъмурий ва 63 та жиноят иши қўзғатилган. Гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ 31 ҳолатда 45,1 килограмдан ортиқ гиёҳвандлик моддаси аниқланган. 10 ҳолатда 1 миллиард сўмдан зиёд қийматга эга 17915 литр алкоголь маҳсулоти ҳамда 42 ҳолатда 315 миллион сўмдан зиёд қийматга эга 10739 қути тамаки маҳсулотининг ноқонуний айланмаси тўхтатилган.
Валюта қимматликларининг ноқонуний ҳаракати билан боғлиқ 167 ҳолатда 7 миллиард 654 миллион сўмлик 517983 АҚШ доллари аниқланган. Шунингдек, 82 ҳолатда ноқонуний айлантиришга қаратилган 6,3 миллиард сўмлик 11,4 килограмм заргарлик буюми ашёвий далил сифатида ушлаб қолинган.
Психотроп таблетка ва кучли таъсир қилувчи дориларнинг ноқонуний айланишининг олдини олиш мақсадида ўтказилган тадбирларда 17 ҳолатда 1542 дона психотроп ва кучли таъсир қилувчи таблеткалар аниқланган.
Асқар Баротов тайёрлади.