Божхона органларида экспорт ёки импорт қилинган товарларга доир божхона статистикасини олиш имконияти жорий қилинди

Давлат божхона қўмитаси ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари учун 2020 йил 1 октябрдан эътиборан навбатдаги интерактив маълумотни жорий қилди.

Эндиликда ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари божхона органларига мурожаат қилмасдан туриб, импорт ва экспорт қилинаётган асосий товарларнинг божхона статистикаси тўғрисидаги маълумотларни реал вақт режимида интернет тармоғи орқали олишлари мумкин.

Мазкур янгилик 2020–2023 йилларда божхона маъмуриятчилигини ислоҳ қилиш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолияти самарадорлигини ошириш Концепциясини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” ижроси доирасида йўлга қўйилди.

✅ Интерактив маълумотлар ўз ичига экспорт ва импорт қилинган товарлар ҳамда ҳудудларнинг экспорт ва импорт салоҳияти тўғрисидаги статистик маълумотларни қамраб олади.

✅ Экспорт ва импорт қилинган товарлар ташқи иқтисодий фаолият товарлар номенклатурасидаги номлари асосида келтирилган бўлиб, уларнинг миқдори ва қиймати кўрсатилган.

✅ Интерактив маълумотнинг қулайлиги шундаки, ушбу маълумотларни ҳудудлар кесимида маълум бир вақт оралиғи бўйича ёки аниқ бир давлатлар мисолида ҳам олиш мумкин.

✅ Ҳудудларнинг экспорт ва импорт салоҳиятига доир умумий рақамларни ҳам худди шу зайлда маълум бир вақт оралиғи бўйича ёки аниқ бир давлатлар мисолида олиш мумкин.

✅ Ушбу маълумотлар ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига бизнес ҳаракатларини тўғри йўналтиришда ва истиқболли режалар тузишда амалий ёрдам бўлиб хизмат қилади.

Маълумотдан фойдаланиш учун электрон рақамли имзо ёки сайтда рўйхатдан ўтиш талаб қилинмайди.

Самарқанд вилояти божхона бошқармаси ахборот хизмати