Хомашё ва материалларни импорт қилишда божхона тўловларини 120 кунгача кечиктириб тўлашга рухсат берилди
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 10 мартдаги 136-сон қарори билан 2020-2021 йилларда ички ва ташқи бозорларда харидоргир маҳсулотларни ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш Дастури тасдиқланди.
Дастурга автомобилсозлик, қишлоқ хўжалиги машинасозлиги ва электротехника соҳалари учун юқори технологияли мураккаб тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш лойиҳалари уларни техник-иқтисодий асослаш кўрсаткичларида лойиҳанинг камида 50 фоизи амалга оширилганидан сўнг маҳаллийлаштириш даражаси назарда тутилиши шарти билан киритилиши зарур.
Иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудларда маҳаллийлаштириладиган маҳсулотларни ишлаб чиқаришнинг прогноз параметрларига кўра, 2020-2021 йилларда:
- 2371 та лойиҳа амалга оширилади;
- 30,3 триллион сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилади;
- 3,1 миллиард АҚШ доллари қийматидаги импортнинг ўрни босилади;
- 351,6 миллион АҚШ доллари қийматидаги экспорт амалга оширилади.
Эслатиб ўтамиз, маҳаллийлаштириш дастурига киритилган маҳсулотлар турларини ўзлаштираётган ташкилотларга ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун бутловчи буюмлар, хомашё ва материалларни импорт қилишда божхона тўловларини божхона декларацияси расмийлаштирилган кундан бошлаб (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) 120 кунгача кечиктириб тўлашга рухсат берилган.
Самарқанд вилояти божхона бошқармаси ахборот хизмати.