Экспорт-импорт бўйича божхонада чеклов йўқ
Юртимизда пандемияга қарши кураш ва унинг салбий таъсирини юмшатиш борасида қабул қилинган ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини таъминлаш мақсадида вилоятимиздаги божхона постларида узлуксиз божхона расмийлаштирувлари олиб борилмоқда. Юкларни тезкорлик билан ўтказиш, экспорт ва импорт қилинаётган товарларга рухсат берувчи ҳужжатларни тезкорлик билан бериш бўйича вилоят божхона бошқармасида 24/7 тизимида ишлар олиб борилмоқда. Барча ходимлар ҳимоя воситалари ва шахсий гигиена қоидаларига риоя этган ҳолда иш фаолиятини олиб бормоқда.
Тизимда олиб борилган ишлар самарасида жорий йил 1 май ҳолатига кўра, вилоят божхона бошқармаси томонидан 13 минг 116 та божхона юк декларацияси расмийлаштирилган. Ўтган вақт давомида 297 миллион долларлик импорт ва 93,5 миллион долларлик экспорт божхона режими расмийлаштируви амалга оширилди.
Экспорт товарларининг асосий қисмини мева-сабзавот, тикув-тўқимачилик, ҳайвонлар озуқаси ва бошқа енгил саноат маҳсулотлари ташкил этган бўлса, импорт товарларида чўян ва пўлат, аниқ соҳалар учун махсус мўлжалланган машиналар, технологик-ускуналар, тиббиёт ва фармацевтика маҳсулотлари асосий ўринни эгалламоқда.
Жумладан, вилоятимиз экспортёрларидан бўлган “Hakan Agro Export” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Мамадали Раҳимов 2019 йилда 1 миллион долларлик, жорий йилнинг ўтган тўрт ойида эса эса 300 миллион долларлик дуккакли дон маҳсулотларини экспорт қилган. Корхона 2020 йилга 3 миллион АҚШ доллари миқдорида дуккакли дон экинларини экспорт қилишни режалаштирган.
Вилоятдан экспорт қилинган товарларнинг катта улуши Россия, Тожикистон, Туркия, Қозоғистон, Хитой, Ироқ, Озарбайжон, Польша давлатларига тўғри келган бўлса, импорт маҳсулот асосан Хитой, Туркия, Россия, Қозоғистон, Эрон, Туркманистон давлатлари ҳиссасига тўғри келди. Ҳозиргача импорт қилинган товарлар учун қонунчиликка биноан 404 миллиард сўмдан ортиқ божхона тўловларидан имтиёзлар қўлланилди.
Самарқанд вилоят божхона бошқармаси ахборот хизмати.