Божхоначилар экспортёр корхоналарга бориб, тадбиркорлар мурожаатини ўрганди

Одатда, муаммога дуч келган тадбиркор тегишли ташкилотга мурожаат қилиб, имкон қадар масаласини ҳал қилади. Самарқанд вилоят божхона бошқармаси раҳбар ва ходимлари бу борада бошқача йўл тутди. Уларнинг ўзи ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш корхоналарига бориб, тадбиркорларнинг муаммоларини жойида ўрганди ва ҳал этди.

Дастлаб Самарқанд вилояти божхона бошқармаси бошлиғи Я.Мирзараҳимов ва мутахассислардан иборат ишчи гуруҳ Самарқанд ва Жомбой туманларида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари билан учрашди.

Хусусан, “Stekloplastik”, “Navobod naslli parranda”, “Аgromir Samarqand”, “Аgro soy plast”, “Jomboy oil”, “B-Max plastic group” ва “Orifjon agro fayz” каби корхоналарга бориб, у ердаги ишлаб чиқариш жараёни, чет элдан импорт қилинаётган хомашёлар, хорижга чиқарилаётган тайёр экспорт маҳсулотларини кўздан кечирди. Тадбиркорлар билан мулоқотда қилиб, божхона соҳаси бўйича муаммолари бор-йўқлиги, уларни қийнаб келаётган масалалар билан қизиқди.

“Стеклопластик” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Д.Саидмуродов ташкилот номига чет давлатлардан олиб келинаётган хомашёларни махсус шароитда сақлаш талаб қилаётганлиги боис ўз омборига тушириш бўйича мурожаат қилди. Мазкур мурожаат ижобий ҳал этилиб, Божхона кодексининг 93-моддаси талаблари доираси “божхона омбори” божхона режимига расмийлаштиришга рухсат берилди.

“Jomboy oil” масъулияти чекланган жамияти вакили С.Тиляев Қозоғистон давлатидан қайта ишлаш учун импорт қилиб олиб келаётган “Соевые бобы” товарининг нархи “Нарх маълумотлар бюллетени” базасида жуда баланд эканлигини, аммо ҳозирда бутун дунё бўйича нархлар пасайганлигини айтиб, бу тартиб инобатга олиниши зарурлиги ҳақида таклиф берди.

Ушбу таклиф шу ернинг ўзида қонуний ўрганилди ва  Давлат божхона қўмитаси томонидан “Нарх маълумотлар бюллетени”га ўзгартириш киритилиб, масала ижобий ҳал этилди.

Учрашув давомида тадбиркорлик субъектларига бир қатор норматив ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти бўйича ҳам тушунчалар бериб ўтилди.

Худди шундай учрашув вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида ўтказилади.

Самарқанд вилояти божхона бошқармаси ахборот хизмати.