Божхонада коррупцияга қарши курашишда тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинган

Президентимиз жорий йилнинг 11 февраль куни коррупцияга қарши курашиш ҳамда жамоатчилик назорати тизимларини такомиллаштириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказган эди.
Коррупция иқтисодиёт ривожи, қулай тадбиркорлик ва инвестиция муҳити учун энг асосий тўсиқлардан бири. Таҳлилларга кўра, бу иллат жаҳон иқтисодиётига ҳар йили ўртача 2,6 триллион доллар зарар келтиради.
Мамлакатимиз ҳам бу муаммодан халос бўлмаган. Дунёдаги коррупция даражасини ўрганувчи Transparency International халқаро ташкилоти индексида Ўзбекистон охирги уч йилда 12 поғонага кўтарилган бўлса-да, ҳали бу иллат барҳам топмаган.
Ушбу иллатга қарши курашишда божхона органларида ҳам қатор мақсадли тадбирлар амалга оширилиб келинмоқда.
Хусусан, 2020 йил январь-апрель ойлари давомида Самарқанд вилояти божхона бошқармаси томонидан коррупцияга қарши курашиш бўйича жами 20 маротаба маърузалар қилинган, тамагирлик каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш борасида ходимлар билан 16 маротаба индувидуал профилактик суҳбатлар олиб борилган ҳамда 1 маротаба ходимларнинг яқин қариндошлари иштирокида йиғилиш ўтказилган.
Ходимларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари юзасидан ўтган давр мобайнида 5 та ариза ва шикоятлар келиб тушган. Олиб борилган хизмат текширувлари натижасига кўра, ариза ва шикоятлар ўз тасдиғини топмаган.
Бундан ташқари, тадбиркорлар ва жисмоний шахсларнинг иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда уларнинг муаммоларини бартараф этиш, шунингдек, тизимда коррупциянинг олдини олиш мақсадида вилоят божхона бошқармасида ташкил этилган (66) 233-63-00 рақамли “Ишонч телефони” узлуксиз ишлаб турибди.
Карантин даврида ҳам вилоят божхона бошқармаси ушбу иллатга қарши курашишда тегишли чора-тадбирларни белгилаб олинган ҳамда ҳар бир ходимнинг хатти-ҳаракати устидан назорат ўрнатилган.
Самарқанд вилояти божхона бошқармаси ахборот хизмати.