Бола қачон китоб ўқийди?
Кўп гувоҳи бўламан, ота-оналар фарзандининг китоб ўқимаслигидан шикоят қилади. "Қўйган жойида қолди, варақлаб ҳам кўрмади. Аксинча, қўлидан телефон тушмайди" дейишади ҳасрат билан.
"Ўзингиз бирга ўқимадингизми?" деган саволимга "Нималар деяпсиз, энди мен китоб ўқиб ўтирмайман-ку, болалар ўқишсинда" дейишади. Лекин халқимиз бекорга "Қуш уясида кўрганини қилади" демаган. Ўзлари қўл телефондан бош кўтармаган ота ёки она фарзандининг китоб ўқимаганидан хафа бўлмаса ҳам бўлади.
Ота-она фарзанди келажаги йўлида елиб, югуради. Қорнини тўқлай, устини бутлай дейди. Буни ҳаётнинг муҳим қоидаси, бурч сифатида қабул қиламиз. Аммо боланинг қалбини ким тўқлайди? Онгини ким бутлайди? Энди шу томонларига ҳам жиддий эътибор бериш фурсати етди назаримда.
Қачонгача "Болам, сенинг еганинг олдингда, емаганинг кетингда, сен кийган кийим бошқада йўқмикан" дея кўнглимизни хотиржам қиламиз.
Бугун замон ўзгача. Фарзандингиз фақатгина тўқ қорни, бут усти билан ҳаётда ўрин топа олмайди. У билим, салоҳият, фаросат каби инсоний фазилатлар билан қуролланмас экан, жамиятда ўз ўрнини топа олмайди. Бу фазилатлар биринчи галда оилада шаклланади.
Бугун аҳолимизнинг 55 фоизини ёшлар ташкил қилмоқда. Улар нақадар билимли бўлса, янги Ўзбекистонни қуришга шу қадар камарбаста бўлади.
Эътибор қилинг-а, китоб ўқиган боланинг юзида нур балқиб туради. Одоби бир томону, сўзи бир томонлигидан ҳайратланасиз. Каттага ҳурматда, кичикка иззатда бўлади.У олдига мақсад қўя олади ва шу мақсади йўлида тинимсиз изланади. Қалбида “Устозларимга, ота-онамга, азиз юртимга муносиб бўламан” деган аҳд бўлади. Ишонтириб айтаманки, уйда катталар мутолаа қилсагина, жавонларда турли ялтироқ буюм эмас, китоблар саф тортган бўлсагина, оилада энг яхши совға китоб дея эътироф этилсагина ўша уйда нур, зиё бор ва бу неъматдан ўсиб келаётган бола баҳраманд бўла олади.
Фарзандларимиз қўлига китоб берайлик. Бу билан улар қалбига офтоб, умрларига зиё, мазмун кириб борсин!
Бадриддин Насриев,
халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши депутати.