Бола қурол эмас ёхуд “Кассандра тамғаси” бугуннинг башоратимиди?

Психологияда зўравонлик ҳолати айнан оилада шаклланади, деган тушунча бор. Хўш, бу тушунчани кенгроқ таҳлил қилсак, айнан қайси ҳолатлар бола руҳиятига таъсир этади, қандай оила зўравонлик учун муҳит яратади?

- Қайси уйда зўравонлик содир бўлгани ҳақида гап кетса, аввало ўша оила муҳити ўрганилади, - дейди СамДУ психология кафедраси катта ўқитувчиси, амалиётчи психолог Абира Баҳромова. - Ота-онанинг маънавий ахлоқи етарли даражада шаклланмаган, оилада соғлом муҳити бўлмаган, психологик мувозанат меъёри бузилган ҳолатлар кузатилган ҳудудда кемтикликлар бўлади. Дейлик, оилада ота доимий равишда аёлига қўл кўтарса, бола буни нормал ҳолат деб қабул қила бошлайди. Бу масаланинг тарбиявий томони. Руҳий жиҳатдан эса боланинг онгида фалажлик юзага келади. У бу пайтда онаси томонида бўлади ва унда бутун дунёга нисбатан нафрат уйғонади, айбдорликни ҳис қилади. Бундай оилада ўсган қиз бола ҳам бу ҳолатни нормал қабул қилиб, кейинчалик ҳаётида шундай воқеа содир бўлса бунга чидаб яшаш керак, деган тушунчада қолади. Психикасида эса жиддий нуқсонлар пайдо бўлади, ўз ички мени шакллана олмай қолади. Ва келгусида ўз турмуш ўртоғига ҳам бахт беролмайди. Алоҳида таъкидлашни истардим, биз асосан зўравонликни кўриб улғайиш фақат ўғил болаларга ёмон таъсир қилади, улар келгусида ўз аёлига шундай муносабатда бўлади, деб ўйлаймиз. Аслида қиз бола учун ҳам бу жиддий зиён. Яъни у турмушга чиққач, оиладаги муҳит сабаб ўз шахсиятини шакллантира олмагач, турмуш ўртоғига ҳам етарлича бахт беролмайди, яъни унинг ҳам охир оқибат қуюшқондан чиқишига сабабчи бўлиб қолади. 

Келинг, шу ўринда зўравонлик тушунчасига кенгроқ тўхталсак. Зўравонлик жисмоний, руҳий, жинсий, иқтисодий таъсир ўтказиш ёки шундай таъсир ўтказиш орқали инсонларнинг ҳаёти, соғлиғи, жинсий дахлсизлиги, қадр-қиммати ва қонун билан ҳимоя қилинадиган барча эрк ва ҳуқуқларига тажовуз ҳаракати, деб айтилади. Молиявий чеклаб қўйиш, яъни ҳаёт учун зарур бўлган элементар моддийлик таъминланмаса иқтисодий босим дейилади. Руҳий босим ўтказиб, камситиб, лақаб қўйиб, инсон ўринда кўрмаса бу - психологик зўравонлик. Жинсий эҳтиёжларини ноанъавий тарзда қондириш, болаларнинг номусига тегиш, калтаклаш ва ҳоказолар жисмоний зўравонликка киради.

Кўпинча биз асосан эркаклар зўравон, деб айюҳаннос соламиз. Агар унинг илдизига бориб қарасак, бу болаликдаги қалб жароҳатлари билан боғлиқ бўлса (оиладаги нотекисликлар, носоғлом муҳит, жанжал бўлмасада, аммо ота-она беэътибор, бемеҳр бўлган оилада улғайган болалар),  иккинчи томондан онанинг бола қалбига ўз вақтида йўл топа олмагани, унга меҳр кўрсатмагани билан ҳам боғлиқдир.

Аёллар зўравонлиги жисмоний бўлмайди, лекин таъсир кучи кучли бўлади. Яъни эркак кишини тушунмаслик, унинг руҳиятига доимий равишда таъсир кўрсатиш ҳам бир кун вулқон бўлиб отилиши мумкин. Қолаверса, баъзида кичик келишмовчиликларда ҳам аёлларда болани қурол қилиш ҳолати ҳам бор. Афсуски, бугун баъзи идоралар вакилларининг биз ҳар қандай ҳолатда  ҳам она томондамиз, дейиши нотўғри. Бундай фикр аёлларда мен болани қурол қилиб олишим мумкин, у мени болам, истаганимни қиламан, деган тушунчанинг янада мустаҳкамланишига замин яратади. Бугун ижтимоий тармоқларда тарқалаётган фарзанди ва ўзининг жонига қасд қилишга уринган аёлларнинг ҳам ўтмишида кемтикликлар бор.

Қизларни оилага тайёрлаш деганда биз фақатгина уларни рўзғор ишларини бажаришга тайёрлашни эмас, балки дунёқарашини кенгайтиришга кўпроқ эътибор беришимиз керак. Жуда кўп учратганман, дунёқараши кенг, ҳунари, илми бор аёллар оилада муаммога дуч келса, вазиятдан чиқиб кетишнинг ўнлаб усули ҳақида бош қотиради. Аммо қўлига китоб ушламаган, оилани фақат яхши таом тайёрлаш ва эр, қайнона хизматини қилиш деб тушунган қизлар зўравонликка чидаб юради ёки ўзига, фарзандига жисмоний, руҳий шикаст етказади.

Мени паст, дунёқараши ҳаминқадар аёл нафақат ўзини, ёнидаги турмуш ўртоғини ҳам бахтсиз қилади.

***

...Филофей фазодаги махсус лаборатория имкониятларидан фойдаланиб, яна бир даҳшатли ихтиро қилади: ҳомиладор аёллар қорнидаги зурриётлар ўзлари ҳақида товуш-белги бераётганлигини аниқлайди, ҳомилалар билан махсус нур орқали алоқа ўрнатади. Улар исёнини тинглайди: “Эрким ўзимда бўлганида туғилгандан кўра туғилмасликни афзал кўрардим. Яшашни истамайман, дунёга келишни хоҳламайман. Борди-ю мени туғилишга мажбур этсалар, унда менинг тақдирим пешонамга ёзилганидек бўлади. Ўйланглар, ҳал қилинглар, энг аввало онам ҳал қилсин…”

Яъни ҳомила ўзининг келажаги ҳақида аниқ маълумотга эга! У дунёга келгач, қандай шафқатсизликларга рўбарў бўлиши, ота-онасининг муносабатлари, адолатсизликлар, ҳатто ўзи ҳам гуноҳ ишларга қўл уришидан хабардор. Ҳали туғилмаган ҳомиланинг онаси пешонасида ана шу исён белгиси – тамға пайдо бўлади. У ўз ихтиросидан ўзи даҳшатга тушиб, Ерга халоскор қидириб мурожаат этади. Ўша чинқираётган зурриёт умрини сунъий равишда тугатиш учун ҳомилани олиб ташлаш керак! Аммо бу – Яратганнинг иродасига қарши чиқиш деганику. Лекин туғиладиган гўдакнинг аянчли тақдирини кўриб-билиб туриб, хотиржам юравериш-чи? Бунинг ўзи ҳам жиноят эмасми?!

Бу саволларнинг жавобидан даҳшатга тушган Филофей шу билганлари ҳақда Инсониятга мактуб ёзади. Инсонлар эса бу мактубни қўрқув билан эмас, аксинча шовқин билан қарши олади. “Бизнинг қорнимиздаги бола билан кимнинг нима иши бор?!” дейди оналар. Мактубни эълон қилган одамни бурдалаб ташлашади. Булардан хабардор Филофей азалий қисмат, тақдир олдида ожизлигини тан олади. Орбитал станциядаги барча ҳужжатларни, тадқиқот натижаларини, кассандра-эмбрионлар сирини йўқ қилиб, Ер билан ўтказган телемулоқоти сўнггида очиқ фазога сакраб,  бўшлиққа сингиб кетади.

 Ечим бор

Бадиий китобда асар қаҳрамони ёки муаммоларнинг ўзи ҳам йўқликка маҳкум бўлиши мумкин. Аммо реал ҳаётда ундай эмас. Мавжуд муаммога албатта ечим изланиши, имкон борича уни бартараф этиш усуллари қўлланилиши шарт. Яқинда “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Ушбу қонунинг юзага келиши учун омиллар кўп. Унда айтилишча, бугунги кунда ҳуқуқни қўллаш амалиётида хотин-қизларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш билан боғлиқ масалаларда бир қатор муаммолар мавжуд. Хусусан, хотин-қизлар  ва болалар ҳуқуқларига дахл қилувчи жиноий қилмишлар учун мутаносиб санкциялар белгиланмаган, хотин-қизларни шилқимлик ва зўравонликдан ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий кафолатлари мавжуд эмас, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган шахсга давлат ҳимоясини тақдим этувчи ордернинг амал қилиш муддати (ўттиз кун) хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини етарли даражада таъминлаш имконини бермайди.

- Қонунчиликда кейинги йилларда хотин-қизларни турли тазйиқ ва зўравонликлардан ҳимоя қилиш масаласида ўзгаришлар бўлмоқда, - дейди адвокат Замира Ишанова. – Хусусан, зўравонликка учрагани аниқланган аёлларга ҳимоя ордерлари берилиши илгари тизимда кузатилмаган эди. Эндиликда ушбу ҳуқуқбузарликлар янада аниқроқ квалификация қилинган ҳолда, жумладан, оила аъзоларига нисбатан жисмоний зўравонлик ишлатилиши, шилқимлик қилиш, маиший зўравонлик, болалар, вояга етмаган қизларга нисбатан турли жинсий тажовуз ва бошқа ҳолатлар аниқ белгиланиб, жазо чоралари ҳам янада қатъийлаштирилди. Қонунчиликдаги бу ўзгаришлар жамиятда шаклланиб қолган қатор тушунчалар, яъни бир икки шапалоқ билан ҳеч нарса бўлмайди, эрнинг таёғини емаган хотин борми каби фикрларга барҳам беришда муҳим аҳамият касб этади. Табиийки, бу қонуннинг амалиётда адолатли қўлланилиши одамлар орасида оиладаги зўравонлик тушунчасига нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиради. Бирон бир давлат оиладаги зўравонликни қатъий қонунчилик нормаларисиз амалга оширмаган, бунинг имкони ҳам йўқ.

Ўз тажрибамдан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, бир неча йиллар давомида доимий равишда жисмоний зўравонликка учраб келган аёллар орасида охир оқибат турмуш ўртоғининг ҳаётига нуқта қўйишга уринганлари учраган. Афсуски, бундай аёлларга жазо тайинлашда уларнинг мунтазам таҳқирлангани, руҳий ҳолати мувозанатдан чиқиб кетгани эътиборга олинмайди. Чунки бу аёллар ҳаёт шу экан, дея ҳеч кимга мурожаат қилмаган, оиладаги зўравонликдан баъзи қариндошларидан бошқа ҳеч ким хабар топмаган.

Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш масаласидаги қонунчиликдаги ўзгаришлар маиший зўравонликка ҳам қатъий жазо чоралари белгилангани билан аҳамиятли. Эндиликда тегишли ташкилотлар ҳамкорлигида бу масалалар ўз ўзани билан жойида ҳал этилса ва адолатли ечим топса, йиллар ўтиб, ушбу ҳуқуқбузарлик  бугунги кенг кўламдан торроқ доирага айланади.

Дарвоқе, мазкур қонунга ўзгартиришлар ижтимоий тармоқларда, айниқса, кучли жинс вакиллари ўртасида бироз кинояга олинди. Яъни, энди хотинни урганга фалон йил, ўлдирганга писмадонча йил, қабилида луқмалар ташланди. Агар юқоридаги экспертларимиз фикрига таяниладиган бўлса, оиладаги зўравонлик биринчи навбатда ўғил болалар ҳаётига салбий таъсир кўрсатади, улар вояга етганларида ҳам ўзларини кемтик ҳис қилади  ёки зўравонликка мойил бўлишади. Олим Филофей ташвишлангандек, нотинч оилаларда, нотич жамиятда ҳомилалар дунёга келишни истамайди. Ҳали туғилмасиданоқ бу ҳаёт зўравонликларига, адолатсизлигига қарши чиқишдан даҳшатлироқ ҳодиса бўлмаса керак дунёда. Дунёдаги иллатлар эса жамиятнинг кичик бўғини – оиладан бошланади. Биз бутун дунёдан ҳақиқат излашдан аввал бу иллатларга оилада чек қўйишимиз керак.

 Гулруҳ МЎМИНОВА.