Болалар қандай ҳунар ўрганмоқчи?
"Ҳунарманд" уюшмаси Самарқанд вилоят ҳудудий бошқармаси Нуробод туманидаги Оқсой маҳалласидаги 5-сонли мактабгача таълим муассасасида "Мен ҳам ҳунар ўрганаман" шиори остида тадбир ташкил этди.
Тадбирда Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси Аҳмад Умаров, ёш ҳунармандлар - Ғулом Исаев, Фирдавс Сатторовлар ўзлари тайёрлаган бадиий ижод намуналари, ҳунармандчилик маҳсулотлари, миллий қўғирчоқларни болажонларга такдим этишди.

- Уюшмамиз ёшларда ҳунар ўрганиш кўникмасини шакллантириш мақсадида олис қишлоқларда мана шу лойиҳани амалга оширишга бел боғлади, - дейди "Ҳунарманд" уюшмаси вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Умид Ҳакимов. - Шунинг учун илк бор ташкил этилган мазкур тадбирни вилоят марказидан олис, тоғлар бағрида жойлашган Оқсой маҳалласидан бошладик. Мақсадимиз - халқ амалий санъатининг қадимий анъаналарини ўсиб келаётган ёш авлодга етказиш, уларда ҳунармандчиликка бўлган қизиқишни ошириш, бўш вақтларини ҳунарнинг ўзлари истаган турлари бўйича шуғулланишларини таъминлашдан иборат.
Т.СИДДИҚОВ.