Болани мактабга бериш тартиби қандай?

– Болаларни биринчи синфга қабул қилишда ота-онага қандай талаблар қўйилади ва мурожаат қилиш муддати қачонгача?

– Ўқувчини биринчи синфга қабул қилишда туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома нусхаси, ота-онасининг паспорт нусхалари, тураржойидан маълумотнома, тиббий маълумотнома ҳамда ариза талаб қилинади. Низомда белгиланганлардан ташқари ҳужжат талаб этиш амалдаги тартибга зид ҳисобланади.

Ота-оналар фарзандларини биринчи синфга қабул қилиш масаласида ўқув йили якунланган кун – 25 майдан 31 августга қадар мактаб маъмуриятига мурожаат қилишлари мумкин.

– Ўқувчини бир мактабдан бошқасига ўтказиш ёки бошқа вилоятдан келган ўқувчиларни муассасага қабул қилиш тартиби қандай?

– Бундай ишлар "Ўқувчиларни синфдан синфга ва бир мактабдан бошқасига ўтказиш тартиби тўғрисида"ги Низом талаблари асосида амалга оширилади.

Унга кўра, ота-она фарзандини синфдан синфга ўтказиш учун унинг сабабларини кўрсатган ҳолда мактаб директори номига ариза ёзади ва мактаб директори бир иш кунида аризани кўриб чиқиб, ўқувчини бошқа синфга ўтказиш юзасидан буйруқ қабул қилади.

Агар синфдаги ўқувчилар сони белгиланган меъёрдан ортиқ бўлса, директор ўқувчини синфдан синфга ўтказишни рад қилиши мумкин.

Мактабдан мактабга ўтказиш ҳам худди шу тартибда кириш-чиқиш талони ҳамда мактаб буйруғи асосида амалга оширилади.

Хорижий давлатда таълим олган Ўзбекистон фуқароларининг фарзандлари ота-онанинг аризаси, боланинг хорижий давлатда таълим олганлиги тўғрисидаги ҳужжатнинг асл нусхаси ва нотариал тасдиқланган таржимаси, туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома, тиббий маълумотнома, 4 дона рангли фотосурат, яшаш жойидан маълумотнома асосида мактабга қабул қилинади.

Агар боланинг хорижий давлатда ўқиганлиги тўғрисидаги ҳужжати мавжуд бўлмаса, мактаб директори боланинг ёши ва билим даражасига мос синфга қабул қилиши лозим.