Бўлган воқеа: Отасини “Қариялар уйи”га жойлаштирган фарзанд буни уйида нишонлади

Инсон кексайганимда, кўзимдан нур кетганида суянчиқ бўлади, эл-юрт олдида юзимни ёруғ қилади, бетоб бўлганимда бир пиёла сув тутиб, кучсиз танамга мадор бўлади, деб фарзанд улғайтирса-ю, ёши ўтиб, хасталанганида болаларидан эмас, бегоналардан мурувват кўрса, ундан ёмони бўлмас экан.

Яқинда шундай ҳолатга дуч келдим.

Ишдан кечроқ чиққандим, Ургутга қатнайдиган таксилар кетиб бўлибди. Катта йўлгача амаллаб чиқдим ва  дуч келган машинага қўл кўтардим.

Қашқадарёнинг машинаси тўхтади. Ҳайдовчининг ён ўриндиғида чамаси 80 ёшлардаги отахон бор экан. Салом-аликдан сўнг йўлга чиқдик. Озроқ юргач, отахон ҳайдовчидан илтимос қилди:

- Болам, бирор жойга тўхтасанг, нон олсак.

- Ота, ҳали Шаҳрисабзгача анча бор, соат ўн бир бўляпти, дўконлар очиқми-йўқми, ўзимиздан олсангиз бўлмайдими?

- Эрталабдан буён туз тотмадим.

Дастлаб суҳбатга эътибор бермаган бўлсам, отахоннинг бу гапидан кейин ҳолатга қизиқдим.

Ҳайдовчи бир дўкон ёнига тўхтади ва "Мен ҳам ул-бул оламан, сизга фақат нон олайми, бошқа нарса керак эмасми?", дея сўради.

- Ноннинг ўзи бўлади, - дея пул узатди отахон.

Ҳайдовчи келгунича отахон билан суҳбатлашдик.

- Ота, қаердан келяпсиз кеч бўлганда? - дея сўрадим.

Бобо ҳам дардини кимга айтишни билмай турган эканми, борини тўкиб солди.

- Анчадан буён даволанмагандим, оёғим оғриб қолди. Самарқандда таниш дўхтирим бор, шунга боргандим.

-  Нега бир ўзингиз келдингиз, болаларингиз билан бирга келсангиз бўлмасмиди?

- Икки ўғлим бор. Каттаси Тошкентда ишлайди, кичиги уйда, бирга турамиз. Кенжам бироз эркароқ ўсган. Онаси ўтганда ёш бола эди. Кўнглига қараб, айтганини олиб бердим, ҳеч нимага зориқтирмадим. Лекин бирор ишнинг бошини тутмади. Балки оилали бўлса, ҳамма нарсанинг қадрига етар, деб уйлантирдим. Аммо фойдаси бўлмади. Уйда тинчлик йўқ, ҳар куни жанжал.

- Нега, отахон?

- Э, ўғлим, Аллоҳ ҳеч бир инсонни қўл-оёқдан қолдирмасин экан. Бемор бўлиб, анча пайт тўшакда қолдим. Бу эса келиним билан ўғлимга малол келган шекилли, менга билдирмай “Мурувват уйи”дан жой тайёрлаб қўйишибди.

- Индамай чиқиб кетавердингизми уйдан?

- Боламнинг оиласи бузилмасин, деб бунга рози бўлдим. Ўзи уст-бошим кир бўлишини айтмаса, уларга оғирлигим тушмайди. Пенсиям ўзимга етади. Бугун ҳам пенсиямни олиб, дўхтирга келдим.

- Катта ўғлингизникига борсангиз бўлади-ку.

- У ҳам жўжабирдай жон, Тошкентда ижарада яшайди...

- “Мурувват уйи”да қанча пайтдан буён турибсиз?

- Тўғриси, у ерда шароитлар яхши экан. Мени илиқ кутиб олишди. Аммо у ерда кўп туролмадим. Уйимни, болаларимни, невараларимни соғиндим. Бунинг устига, маҳаллада фарзандларидан кечиб кетди, деган гап тарқалишидан уялдим.  Шунинг учун кеч бўлганда уйга жўнадим. Дарвозага яқинлашганимда уйимиздан қўшним чиқиб келаётган экан, у менга рўпара бўлгач, "Бир гапим бор", дегандай четга тортди.

"Ўғлингиз ва келинингиз билан келишмай қолдингизми? Сиз ҳақингизда хунук гаплар айтди. У ёққа кетганингиздан хурсанд улар...".

Қўшнимнинг бошқа гапи қулоғимга кирмади, дарвозадан ҳатлаб уйга кирдим. Афсуски, қўшним ҳақ экан: ўғлим ва келиним мусиқани баланд қўйиб, ўйин-кулги қилиб ўтирган экан... Остонадан қайтдим.

Оғир жимлик чўкди. Сўнг ийманиб отахондан сўрадим:

- Ҳозир қаерда яшаяпсиз, ота?

- Яқин бир дўстимникида турибман. Маҳалладагиларнинг оиламда бўлган ишлардан хабари бор. Шу қишлоқнинг энг ёши катта нуронийларидан бирисиз, бизга дуоларингиз, маслаҳатларингиз керак, деб қишлоғимиз марказидан менга уй қуриб беришяпти. Ҳадемай уй битади, яқинда кўчиб ўтаман...

Манзилга етиб келдим. Машинадан тушар эканман, хаёлим ҳамон отахонда эди. Ҳайдовчи отахонни манзилигача олиб борадими, ўз уйига киролмаган одам ярим тунда бировни қандай безовта қилади? Кеч бўлганда қаерда тунайди? Кейинги ҳаёти қандай кечади? Ноқобил фарзандларининг-чи?..

Фазлиддин Рўзибоев.