Боррел: Россия Украинанинг фуқаролик инфратузилмасини бутунлай йўқ қилишга уринмоқда
Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Хосеп Боррелнинг айтишича, Украинанинг ўққа тутилиши Россиянинг мамлакат фуқаролик инфратузилмасини бутунлай йўқ қилиш ниятини яна бир бор кўрсатади.
“Бугун охирги ёмон хабар - Россия Запороже атом электр станциясига ҳужум қилди. У яна бир бор Украина электр тармоғидан узилди. Бизга маълумки, Киев аҳолисининг 40 фоизи электрсиз, бутун мамлакат бўйлаб электр таъминоти тизимида кўплаб қора туйнуклар мавжуд. Бу Россия яна бир бор Украинанинг фуқаролик инфратузилмасини бутунлай йўқ қилишга уринаётганини кўрсатади. Ва шунинг учун биз Украинага ўзини ҳимоя қилиш йўлларини тақдим этишда давом этишимиз керак”, — деди Боррел Стокголмда Ташқи ишлар ва тараққиёт кенгашининг норасмий йиғилиши олдидан.
Бундан ташқари, унинг айтишича, учрашув кун тартибида Украинани тиклаш, реконструкцияни молиялаштириш ва бунинг учун халқаро ва Европа қонунчилигига мувофиқ музлатилган Россия активларидан фойдаланиш масаласи турибди.
“Иккала нарса бирга кетади. Кечаги муҳокама ва бугунги муҳокамадан битта мақсад бор: Украинани қўллаб-қувватлаш, ҳимоя қилиш ва тиклаш.Вазирлар Украинани қайта тиклашни қўллаб-қувватлаш учун сафарбар қилишимиз мумкин бўлган барча йўл ва воситаларни муҳокама қиладилар”, деб тушунтирди Боррел.