Бош прокуратура маҳалла раиси таҳдидига учраган ва отаси калтакланган талаба журналист бўйича баёнот берди

“Мақолам учун маҳалла раиси таҳдид қилди, дадамни дўппослашди” сарлавҳали хабари Кармана тумани прокуратураси томонидан ўрганилди.

Аниқланишича, Кармана тумани “Боғишамол” маҳалласи ва ҳомийлар томонидан мазкур маҳаллада яшовчи С.Илмуродовага жорий йилнинг май-август ойларида озиқ-овқат маҳсулотлари ва моддий ёрдам пули берилган.

1999 йилда Нурота туманида туғилган, журналистика йўналиши 2-босқич талабаси М.Пўлатова қўшниси С.Илмуродовадан унга ҳақиқатдан ҳам озиқ-овқат маҳсулотлари ва моддий ёрдам пуллари берилгани, маҳалла ходимлари томонидан фотосуратга туширилганлиги ҳақида маълумот олган ва шу асосда 2020 йил 6 августда “Навоий зиёси” газетасида “Эфир учун қилинаётган эҳсонлар” номли мақоласи чоп этилган.

Боғишамол маҳалласи раиси М.Пардаев, ўринбосари Ҳ.Абдуалимов билан талаба М.Пўлатова мақолада кўрсатилган ҳолатларга аниқлик киритиш учун 2020 йил 3 сентябрда С.Илмуродованинг яшаш хонадонига бориб, у билан суҳбатлашаётганида М.Пўлатова ва отаси Р.Пардаев ҳамда ушбу маҳаллада яшовчи фуқаро О.Маматовалар ҳам суҳбатга қўшилган.

Фуқаро С.Илмуродова кўрсатилган моддий ёрдамлар учун ҳеч қандай эътирози йўқлигини маълум қилган. М.Пардаев талаба М.Пўлатовага мақоладаги ҳолатларни тўлиқ ўрганмасдан чоп этганлигини, бундай ҳолатларга маҳаллада яшовчи бошқа холис фуқаролар иштирокида аниқлик киритилиши лозимлигини маълум қилган.

Ўрганиш давомида туманнинг маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими томонидан хизмат текшируви ўтказилиб, талаба М.Пўлатованинг газетага мақола чоп этганлиги учун Боғишамол маҳалласи раиси М.Пардаев унга босим ўтказганлиги ҳолати ўз тасдиғини топмаган.

Бундан ташқари, 2020 йил 4 сентябрда М.Пўлатованинг отаси Р.Пардаев ва ён қўшниси И.Ядгаров, унинг ўғли А.Ядгаровлар ўртасида мақола юзасидан келиб чиққан жанжалда улар бир-бирларини уриб тан жароҳати етказган. Ҳолат юзасидан туман ИИБ томонидан терговга қадар текшириш ўтказилган.

Натижада 2020 йил 7 сентябрда И.Ядгаров ва Р.Пардаевларга Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 41, 52-моддалари, А.Ядгаровга МЖтКнинг 52-моддаси маъмурий жавобгарлик тўғрисида иш қўзғатилиб, кўриб чиқиш учун туман маъмурий судига юборилган.