Бош қомусимиз барқарор иқтисодий ривожланиш ва аҳоли фаровонлигини таъминлашга хизмат қилмоқда

Адиз БОБОЕВ,

Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи.

Мамлакатимиз ва халқимиз бугуни ҳамда эртасини белгилаб берадиган, ҳуқуқ ва манфаатларимиз, эркинликларимизни кафолатлайдиган Асосий қонун қабул қилинганига 32 йил тўлди.

Ўтган йили умумхалқ муҳокамасида пишитилиб, янги таҳрирда қабул қилинган Конституциямизга кўплаб янги модда ва нормалар қўшилди, муҳим ўзгаришлар киритилди.

Бу билан Бош қомусимиз миллий давлатчилик тараққиётининг ҳозирги босқичида жамият ва давлатни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаб, Янги Ўзбекистоннинг стратегик мақсадларини рўёбга чиқаришнинг сиёсий-ҳуқуқий асосларини яратиб берди. Ҳужжат билан Ўзбекистонда янги ижтимоий-сиёсий муҳит шаклланди, давлат ўзига катта ижтимоий-иқтисодий мажбуриятлар олди, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг мутлақо янги механизмлари жорий этилиб, давлат ҳокимиятини ташкил этишнинг янги модели йўлга қўйилди.

Шу ўринда қайд этиш ўринлики, Президентимиз фармони асосида янгиланган Конституцияни амалга ошириш бўйича Давлат комиссияси ҳамда 5 та экспертлик кенгашлари тузилди. Олий Мажлис палаталари томонидан 38 банддан иборат Конституция моҳиятини тушунтириш бўйича комплекс дастур қабул қилиниб, Олий Мажлис томонидан 100 га яқин қонунларни Конституцияга мувофиқлаштириш бўйича дастур тасдиқланди.

Шуларнинг ўзиёқ бош ҳужжатни янгилаш ва ўзгартиш киритиш расмиятчиликдан холи, ҳаётий зарурат эканлигини исботлайди. Асосийси, Бош қомусимизда ўз аксини топган янгиликлар, уларни ҳаётга изчил татбиқ этиш борасидаги амалий саъй-ҳаракатлар ҳисоботларни тўлдириш, маърузаларга безак бериш учун эмас, айнан ҳар бир фуқаро турмушига файз, ободлик ва сифат олиб кириш мақсадида қилинаётганини ҳамюртларимиз ўз ҳаётларида ҳис қилишмоқда.

Бу менинг Конституциям

Таъкидлаш жоизки, Конституция 1992 йилда қабул қилинганидан буён унга 15 маротаба киритилган ўзгариш ва қўшимчаларнинг деярли барчаси асосан давлат ва жамият қурилиши, жумладан, Президент, парламент, ҳукумат фаолияти, сайлов тизими ва бошқаларга тааллуқли бўлган.

Ўтган йили Бош қомусимиз шунчаки ўзгартиб қўйилмади: зиёлилардан тортиб, оддий инсонгача муҳокама қилди, таклиф берди. Бутун халқимиз таклифи билан анча «тўлишган» Янги Ўзбекистонимизнинг янги таҳриридаги Конституцияси ишлаб чиқилди.

Сирасини айтганда, янги таҳрирдаги Конституцияда аҳоли ва жамиятнинг барча қатламлари манфаатлари акс эттирилганлиги учун уни ҳар бир Ўзбекистон фуқароси «Бу менинг Конституциям», деб ишонч билан айта олади.

Негаки, янгиланган Асосий қонунга киритилган нормаларнинг ярмидан кўпи инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг кафолатларини кучайтириш ва механизмларини мустаҳкамлашга қаратилган бўлса, ўзгартишларнинг 45 фоизидан ортиғи ижтимоий-иқтисодий масалаларни тартибга солади.

Конституцияда илк маротаба ҳар бир инсон ўз шахсини эркин камол топтириш ҳуқуқига эга эканлиги ва ҳеч кимнинг зиммасига унинг розилигисиз қонунчиликда белгиланмаган мажбурият юклатилиши мумкин эмаслиги белгилаб қўйилди.

Бунда инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари фақат қонунга мувофиқ ва конституциявий тузумни, халқнинг соғлиғи ва маънавиятини, бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибини таъминлаш мақсадида зарур бўлган даражада чекланиши мумкинлиги белгиланди.

Конституцияда сиёсат ижтимоий адолат ва бирдамлик тамойилига, фуқароларнинг муносиб турмуш даражаси ва сифатига эришишга, муҳтожларга ёрдам кўрсатишга қаратилган ижтимоий давлат белгилари ўз ифодасини топди.

Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож тоифаларини қўллаб-қувватлаш, жамиятда ижтимоий тенгсизликни бартараф этиш, муносиб турмуш шароитларини яратиш, ҳеч ким эътибордан четда қолмаслиги учун давлатнинг фуқаролар олдидаги ижтимоий масъулиятини кучайтиришга қаратилган нормалар мустаҳкамланди.

Ҳар ким муносиб меҳнат қилиш ҳуқуқига эга

Кейинги йилларда юртимизда инсон капиталини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мисол учун, аҳолига имтиёзли кредитлар, тўғридан-тўғри молиявий кўмак берилиши йўлга қўйилди. Ишсиз фуқаролар турли касб-ҳунарларга ўқитилмоқда, бунинг учун мономарказлар ташкил қилинди. Юқори малака, олий маълумот талаб этилмайдиган даражадаги ишларга аҳоли кўникмаларини ривожлантириш мақсадида жойларда ўқув курслари очилмоқда.

Сўзимиз қуруқ бўлмаслиги учун айрим рақамларни келтириб ўтсам: жорий йилнинг 9 ойи давомида вилоятда 12 мингдан кўпроқ ишсиз одам касб-ҳунарга ўқитилди. Ташқи меҳнат миграцияси йўналишида ўқитилганларни ҳисобга олсак, қарийб 20 мингга яқин одам бепул касб-ҳунар ўргангани ойдинлашади.

Қайд қилинган даврда 22 мингдан кўпроқ фуқароларимиз ҳоким ёрдамчилари тавсияси билан касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитилган.

Асосий қонуннинг 42-моддасида «Ҳар ким муносиб меҳнат қилиш, касб ва фаолият турини эркин танлаш... ҳуқуқига эга»лиги белгилаб қўйилди. Юқоридаги амалиёт айни модданинг ҳаётий ифодаси эмасми?

Хулосани ҳар ким ўзи чиқарсин. Аммо меҳнат ҳуқуқи ҳақида гап кетганда, янги таҳрирдаги Конституцияда «меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори инсоннинг муносиб турмуш даражасини таъминлаш зарурати ҳисобга олинган ҳолда белгиланиши» мустаҳкамланганини қайд этиш ўринли.

Чунки бу норма Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт, Меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорини ўрнатиш тартиб-таомилларини яратиш бўйича 1928 йилдаги Конвенция, Меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорини белгилаш бўйича 1970 йилдаги Конвенция талабларига мос ва ҳамоҳанг бўлди.

Ижро ҳокимияти зиммасига вазифа юклади

Янги қабул қилинган Конституциямизнинг 43-моддасида «Давлат фуқароларнинг бандлигини таъминлаш, уларни ишсизликдан ҳимоя қилиш, шунингдек, камбағалликни қисқартириш чораларини кўради...» дейилган.

Асосий қонунда илгари бундай норма, таъбир жоиз бўлса, ижро ҳокимияти зиммасига юклатилган вазифа йўқ эди. Демак, энди янги-янги марралар олиш зарур. Бу ўтган ҳафта давлатимиз раҳбари ҳузурида Самарқанд вилоятини ривожлантириш бўйича лойиҳалар тақдимотида ҳам алоҳида қайд этилди. Вилоятимизда аҳоли ва тадбиркорлар билан учрашувлар ўтказилиб, 4,1 миллиард долларлик 120 та лойиҳани амалга ошириш имконияти аниқланган. Хусусан, келгуси йилда вилоятда ҳудудий дастурлар доирасида камида 1 миллиард 850 миллион доллар инвестицияларни ўзлаштириш ҳисобига қўшимча 1,2 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш ҳисоб-китоб қилинган. Асосийси, бу орқали 20 минг иш ўрни яратиш режалаштирилган.

Масалан, Паст Дарғом тумани «Чимбойобод» ҳудудида ҳокимлик захирасида турган 234 гектар ерда махсус саноат зонасини ташкил қилиш мумкин. Тадбиркорлар у ерга 500 миллион доллар инвестиция киритиб, фармацевтика, кимё, электротехника, қурилиш материаллари ва озиқ-овқат лойиҳаларини бошлашга тайёрлигини билдирган.

Ёки Зарафшон дарёси атрофидаги 25 гектар тошлоқ ер «Ургут» эркин иқтисодий зонасига қўшилса, 30 миллион долларлик лойиҳаларга жой бўлади. Дарғом канали бўйида 35 километрли туристик йўлак, Нарпай каналида гастрономик кўприк ташкил этиш орқали биринчи босқичда 500 миллиард сўмлик лойиҳалар амалга оширилади.

Вилоятдаги яйлов ва лалми ерларни иқтисодий активга айлантириш борасида Самарқанд туманида 350 гектар лалми ерда туристик-рекреацион ҳудуд ташкил қилиб, мингта тадбиркорни жойлаштириш мумкин. Бу режа пировардида 3,5 мингта иш ўрни яратиш имконини беради.

Булунғурнинг тупроғи, иқлими мева-сабзавотчиликка қулай. Тумандаги 6 минг гектар самараси кам ғалла майдонлари мева-сабзавот етиштиришга ихтисослаштирилса, гектаридан даромад 10 минг доллардан ошиши ҳисоб-китоб қилинган. Натижада маҳсулотларнинг ярми экспортга чиқарилиб, қўшимча 52 миллион доллар экспорт тушуми таъминланади ҳамда 45 минг одам ишли бўлади.

Қисқаси, халқимизни рози қилишга йўналтирилган ислоҳотлар энди янги маъно-мазмун касб этмоқда.

Бошпана эмас, кичик Ватан ...

Кўп мамлакатларда инсон мулки, жумладан, уй-жой ҳуқуқи билан боғлиқ масала асосий ҳужжатда акс этмаган. Юртимизда бу борада мустаҳкам ҳуқуқий асос яратилган. Аниқроғи, Конституциянинг 47-моддасида айни масала ечими белгилаб қўйилган. Ҳеч ким суд қарорисиз, қонунга зид тарзда фуқарони уй-жойидан маҳрум эта олмайди. Зарур ҳолатда мулкдорга уй-жой қиймати, кўрилган зарарнинг ўрни қонунда назарда тутилган тартибда олдиндан ҳамда тенг қийматда қопланади.

Айни модда белгиланган норма асосида Самарқандда қурилаётган уй-жойлар ҳақида тўхталиш ниятим йўқ. Чунки бу ҳақда етарлича маълумот, хабар тарқатилмоқда. Лекин бир нарсани таъкидлаш лозим, исталган оила борки, чоғроқ бўлсада бошпанам бўлса, деб умид қилади.

Ҳар йили юзлаб эмас, минглаб оилалар, бошпана эмас, кичик ватан соҳибига айланаётгани айнан Конституция берган имкон эмасми?!

Демак, асосий гап шу – ҳар ким уй-жойли бўлиш ҳуқуқига эга.

Бу борада фикрларни яна узоқ давом эттириш мумкин. Гапнинг индаллосини эса хорижий экспертлар айтган: «Ўзбекистонда уй-жой билан боғлиқ ҳуқуқ асосий қонун билан таъминлангани кўп давлатларга намуна бўлмоқда».

Ҳар ким мулкдор бўлишга ҳақли

Инсон табиатан шундай яратилган – мулкдор бўлса, кайфияти, интилиши, умуман, ҳаётга муносабати бошқача бўлади. Шу боис Конституциямизнинг 41-моддасида: «Ҳар бир шахс мулкдор бўлишга ҳақли.

Банк операцияларининг, омонатларнинг ва ҳисобварақларнинг сир тутилиши, шунингдек, мерос ҳуқуқи қонун билан кафолатланади», деб белгилаб қўйилган.

Умуман, мамлакатимизда ҳар қандай хусусий мулкдорнинг қонуний йўл билан қўлга киритган мулкининг дахлсизлигига асло шубҳа қилинмаслигини таъминлайдиган ишончли ҳуқуқий кафолатлар тизими яратилган.

«Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонунга киритилган қўшимчага кўра, тадбиркорлик субъектлари қонунчиликка мувофиқ ҳар қандай фаолиятни амалга оширишга ва ўз фаолияти йўналишларини мустақил равишда танлашга ҳақлилиги белгиланмоқда.

Саъй-ҳаракатларимиз натижасида аҳолининг тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истаги ошиб, йилдан-йилга тадбиркорлик субъектларининг сони кўпайиб бораётгани Конституциямизнинг энг катта ютуқларидан яна бири, десак, муболаға бўлмайди.

Шу ўринда айрим рақамларга тўхталмасак, адолатдан бўлмас. Чунки айтилган гаплар, билдирилган фикр аниқ далилларни тақозо қилади, деб ўйлайман.

Жумладан, жорий йилнинг олти ойида «2 миллион аҳолини бизнесга жалб қилиш дастури» доирасида 156 минг аҳоли тадбиркорликка жалб қилинган. Бунда ўзини-ўзи банд қилишда 126,6 минг, ЯТТларда 11,9 минг, янги тадбиркорлик субъектларида 4,7 минг, деҳқон хўжаликларида 12,9 минг аҳоли бандлиги таъминланган.

Ушбу кўрсаткичларга эришиш учун 54 та давлат активлари аукционга чиқарилиб, 59 та объект 69,2 миллиард сўмга сотилган. Шу даврда 2,8 мингта хизмат ва сервис объектлари ишга туширилиб, 83,4 минг иш ўрни яратилган.

Натижа-чи, деган табиий савол туғилиш мумкин.

Вилоятнинг ярим йилликдаги ялпи ҳудудий маҳсулоти ҳажми 36,9 триллион сўм (2,9 миллиард доллар)ни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ўсиш суръати 106,1 фоиз бўлган.

Йилнинг кейинги даврида ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 87,4 триллион сўмни, ўсиш суръати 105,6 фоизни ташкил этиши кутилмоқда.

Умуман, эришаётган бу каби ютуқларимиз, тинч ва осуда ҳаётимиз, иқтисодий ривожланиш ҳамда халқимиз фаровонлигида Конституциямизда белгилаб берилган инсонпарварлик тамойиллари ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.