Бошига дўпписи ярашган элнинг Наврўзи

Паст Дарғом туманининг Элбек маҳалласида Наврўз тантаналари ўтказилди.

- Туманимизнинг аксарият қишлоқларида қадимда қизлар турмушга чиқишдан аввал албатта ёши улуғлар қўли остида келинлик дўппиларини тикишган, - дейди Паст Дарғом тумани маҳаллабай ишлаш маркази раҳбари Тоҳир Қосимов. - Чунки бунда рамзий маъно бор: турмуш қуриш ёшига етган қиз дўппи ёки кашта тикишни билмаса ор, номус саналган.

Бу анъана айрим қишлоқларимизда ҳозиргача ҳам сақлаб қолинган. Дўппилар ҳар бир аёл-у қиз қўлида сайқал топгани боис азалдан дўппи тикишда нафақат маълум бир андоза такрорланган, балки унинг ранги, безаги, туси ўзгариб борган. Бу эса дўппига алоҳида ҳусн бағишлаган - унинг кашталарида ранг-баранг, бетакрор нақшлар пайдо бўлишига олиб келган ва санъат даражасига етган. Ушбу удумларимизнинг рамзий маъносини бу йилги Наврўз сайлида акс эттиришга ҳаракат қилдик. Ҳар бир ўтовни миллий қадриятларимизга асосланган ҳолда дўппи шаклида ўрнатдик, уларда эркаклар дўпписи, ироқи дўппиларни тасвирладик.

Сайилда ташкилотлар, таълим муассасалари, маҳалла фаоллари томонидан тайёрланган миллий таомлар, ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмаси иштирокчиларнинг эътиборини тортган бўлса, мусиқа ва санъат мактаби ўқувчиларининг куй ва рақслари байрамга ўзгача шукуҳ бағишлади. Бир томонда полвонлар беллашди, бир томонда дорбозлар маҳоратини намойиш этди.

Кечаси билан ўйин-кулги остида пиширилган сумалак халққа улашилди. Яна бир гуруҳ савобталаб инсонлар дошқозонларда ош дамлаб, элга тарқатди.

Пойтахтдан ташриф буюрган элимиз севган санъаткорлар, Ботир Қодиров ҳамда Ҳулкар Абдуллаева ўзларининг дилтортар куй-қўшиқлари билан сайилга ўзгача шукуҳ бағишлади.

Олим Соннибоев,

Муниса Шамсиева.