Ботга мурожаат: Икки кундан буён 20 та кўп қаватли уйда сув йўқ
Самарқанд шаҳри, Боғистон маҳалласи, Навоий шоҳ кўчасида жойлашган 33-мактабгача таълим ташкилоти ёнида ичимлик сув қувури ёрилиб, атрофни сув босаётганлиги боис сув ёпиб қўйилган.
Мана икки кундирки, шу атрофдаги 20 дан ортиқ кўп қаватли уйларда яшовчи юзлаб фуқаролар сувсиз қолган.
Сув қувури 33-МТТ ёнидаги маҳалла участка инспектори учун қурилган хизмат уйининг остидан ёрилган, дейишяпти. Шу боис ишчилар шу совуқда ерни қўлда ковлаб, ҳалигача қувурнинг ёрилган жойини топишгани йўқ.
Шу ўринда савол туғилади, ИИБ ходими учун коммуникация тармоқлари ўтган ердан хизмат уйи қуришга ким ёки қайси ташкилот рухсат берган?
Мутасаддилар эса масала билан жиддий шуғулланиш у ёқда турсин, икки кундан буён аҳолига машинада сув олиб келишни ҳам ўйламаяпти.
Сизлардан шу муаммони ёритиб, уни бартараф этишда тезкор амалий ёрдам кўрсатишингизни сўраймиз.
Самарқанд шаҳар, Навоий шоҳ кўчасидаги кўп қаватли уйларда яшовчилар.