Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ботирхон Валихўжаев – комилликка интилиш тимсоли

Мен бу хулосам тўғрилигига ҳаётим давомида тўла ишонч ҳосил қилганман. Ҳатто ёшлигимда, мактабда ўқиганимизда ўқитувчиларимиз, қишлоқда эса зиёлилар профессор Ботирхон аканинг ажойиб фазилатлари, пухта илми ҳақида кўп гапиришарди. Самарқандда таълим олган оғайниларим домланинг юксак маънавияти, камтарлиги хусусида сўзлаб берарди.

Шу сабабли мен вилоятга ҳоким бўлиб келганимданоқ самарқандлик таниқли академиклар Воҳид Абдулло, Тошпўлат Ширинқулов, Диамат Абдукаримов, Ботирхон Валихўжаев хонадонларини зиёрат қилишдан бошлаганман.

Ботирхон Валихўжаев ҳамкасблари орасида ўзига хос илмий ва ижтимоий мактаб яратган олим. Нафақат Самарқандда, балки бутун Ўзбекистонда, қолаверса кўплаб Шарқ мамлакатларида домлани комилликка интилишнинг тимсоли деб эътироф этишади. Негаки, ўзбек, форс, тожик, араб, рус тилларини мукаммал билган олим бутун умри давомида бир ерда – Самарқанд давлат университетида ишлади ва мумтоз адабиётимизнинг энг нозик қирраларини тадқиқ этди. У киши Алишер Навоий, Абдураҳмон Жомий, Абу Абдулло Рўдакий, Мирий ижодининг таҳлили юзасидан тадқиқот олиб бориб, ибратли хулосалар берди. Ўзбек ва тожик адабиётлари муштараклигини пухта ўрганди.

Домланинг камтарлиги, хокисорлиги, одамларга меҳри, касбига садоқати, илм йўлидаги машаққатларга матонати тенгдошлари, сафдошлари ва шогирдлари учун доимо ибрат бўлган. Шунинг учун ҳозирда ҳам вилоят миқёсида бўладиган ҳар бир даврада бу инсоннинг номи ҳурмат билан тилга олинади. Домланинг алломаларимиз тўғрисидаги илмий хулосалари биз, раҳбарлар учун ҳам керакли дастуриламалдир ва мен бундай ибратли фикрлардан ўз фаолиятимда доимо фойдаланаман.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, академик Ботирхон Валихўжаев жамиятимиз, давлатимиз томонидан фидокорона меҳнати учун доимо рағбатлантириб келинган. У киши «Меҳнат шуҳрати», «Эл-юрт ҳурмати», «Буюк хизматлари учун» орденлари билан мукофотланган.

Муҳими, вақт ўтган сайин олимнинг илмий хулосалари, эзгу фазилатлари, фан йўлидаги фидойиликлари янгича моҳият касб этиб, қадриятга айланаётир. Агар ҳаёт бўлганида домла бугун 90 ёшга тўларди. Лекин у киши элга қилган хизмати, илмий соҳадаги ибрати боис ҳамон бизнинг сафимизда юргандек.

Барчамизни шу табаррук заминимиздаги улуғларнинг пок руҳлари қўллаб турсин.

Эркинжон Турдимов,
Самарқанд вилояти ҳокими.