Академик Ботирхон Валихўжаевни хотирлаб: Видолашув дуоси ёхуд маънавий ота

Ўз даврининг етук инсони, устозим Ботирхон Валихўжаев билан деярли ота-бола каби эдик, бошқаларга ва ҳар жойда айтилмайдиган дардларини, фикрларини ёш демай менга айтардилар, ўзимча мен ҳам фикр билдирган бўлардим.

Балки устозим билан бўлган бу яқин муносабатлар талабалик давридан бошланган қизғин суҳбатларда, қўл остиларида аспирантликда олиб борилган изланишларда, кафедрасига ўқитувчи лавозимига ишга олганларидаги ишончда юзага келгандир. Домла бизни мангу тарк этганларидан кейин булар ҳақида сўз юритмоқчи бўлар эдим, бироқ ҳаддим сиғмасди, кейинга қолдирардим, баъзан эса негадир ийманардим.

Домла чин маънода устозликнинг залворли юкини зиммасига олган, ўз даврининг энг комил инсонларидан бири эди десам, сира лоф қилмайман. Инсоний ва олимлик хислатлари домлада уйғун ва мукаммал кўринишда эди. Тоғдан қанчалик узоқлашсанг, унинг улуғворлиги, буюклигини ҳис қилар экансан. Устоз билан бўлган қизғин суҳбатларимиз, тотли таассуротларни эсга олар эканман, айрим лавҳалар кўз олдимда жонланади.

Устознинг шогирдларини “қизғаниши”

Университетни тугатган йилим, собиқ курсдошим, ҳозирда СамДУ профессори Шавкат Ҳасанов уйимга қўнғироқ қилиб, ўша вақтдаги ўзбек филологияси факультети декани профессор Нуриддин Шукуров ҳозирги замон ўзбек адабиёти йўналиши бўйича аспирантурага бир жой келганлиги ва унга мени муносиб кўраётганлигини айтди. Аслида менинг талабаликдаги йўналишим ўзбек адабиёти тарихи бўйича бўлганлиги сабабли ҳайрон бўлдим. Факультетга бориб, деканга учрашганимдан кейин “Йўналишингизни мумтоз адабиётдан совет даври ўзбек адабиётига ўзгартириб, илмий тадқиқот олиб борасиз, Эркинбой, ишларингизга омад” деб аспирантурага қабул қилиш учун аризамни олиб қолдилар ва ўзлари раҳбар бўлишини айтдилар.

Декан хонасидан чиқиб, “Ўзбек адабиёти тарихи” кафедраси мудири, устозим Ботирхон Валихўжаевга учрашдим, аспирантурага қабул бўлаётганлигим, бироқ соҳам ўзбек адабиёти тарихи эмас, балки ҳозирги замон адабиёти бўлаётганлигидан домлани огоҳ қилдим. Устоз бироз сергак бўлдилар, сўнг “кетмай туринг” деб ўрнидан туриб, декан хонасига кириб кетдилар. Ярим соатлардан кейин жиддий қиёфада қайтиб келган устоз аризани ўзбек адабиёти тарихи йўналишига мослаб қайта ёздирдилар-да, уни олиб, яна декан хонасига йўл олдилар. Тушунишимча, икки улуғ адабиётшунос орасида бироз “шогирд тортишуви” бўлиб ўтган. Кейинроқ билишимча, хокисор, одатда кечиримли бўлиб юрган устозим Ботирхон Валихўжаев бу сафар қатъий характер кўрсатиб, шогирдини ўзига қайтариб олган ва бу ҳам етмагандек, аспирантура бўлимига қўнғироқ қилиб, унинг йўналишини “ўзбек адабиёти тарихи”га ўзгартирган. Шу-шу, мен домланинг ёнида, кафедрасида қолиб, тадқиқот ишларини олиб бордим. Бир йилдан сўнг устоз мени кафедрага ўқитувчи лавозимига тўлиқ штатга ишга олдилар. Ўша вақтда кафедрада устоздан ташқари профессор Раҳмонқул Орзибеков, доцентлар Қобилжон Тоҳиров, Шавкат Холматов, Раъно Фозилова, Анора Мўминова деган домлалар ишлар эдилар. Биз энг ёш ўқитувчи бўлиб, улардан илм сабоқларини ўргана бошладик.

Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, кафедрага ҳозирда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ректори бўлиб ишлаётган Шуҳрат Сирожиддинов ўқитувчи бўлиб ишга келди. Устозим раҳбарлигида Шуҳрат ака Алишер Навоий ҳақида маълумот берувчи қадимги форсий ва туркий қўлёзма манбаларнинг тадқиқи билан жиддий шуғулланишни бошлади. Орадан бир йил ўтиб, яъни 1992 йил устозимнинг шогирди яна биттага кўпайди. Самарқанд давлат педагогика институти СамДУга қўшилгач, у ердаги ўқитувчилар қатори СамДПИ доценти, устоз Муслиҳиддин Муҳиддинов кафедрамиз аъзосига айланди. Ўша вақтлардаги кафедрамизнинг илмий салоҳиятидек, файзли муҳитидек бўлган яна бошқа бир муҳитни эслолмайман.

Илмий ҳалоллик ва бирламчи манбаларга асосланиш

Устознинг илмий-педагогик соҳада шогирдларига қўядиган биринчи талаби – ҳалоллик, асл манбаларга суяниш, илмий  далилларга асосланиш эди. Устознинг ўзлари араб ёзувидаги қўлёзма манба қайси тилда ёзилган бўлишидан қатъи назар, оригиналида эркин ўқирдилар ва уни биринчи тадқиқотчи сифатида таҳлил ва талқин қилар, ёзма манбаларга худди шундай муносабатда бўлишни шогирдларидан ҳам талаб қилар эдилар. Шу сабабли домланинг шогирдлари нафақат адабиётшунос, балки манбачи ва матншунос, тарихчи ва шарқшунос бўлиб ҳам етишар эди.

Алишер Навоий ҳаётини кўплаб қўлёзма манбалар асосида ўрганиб, уни қайта ва мукаммал ҳолда ишлаб чиққан навоийшунос олим Шуҳрат Сирожиддинов “Алишер Навоий: манбаларнинг қиёсий типологик таҳлили” монографияси учун Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофотига сазовор бўлганлигининг негизида, шубҳасиз, Ботирхон Валихўжаев устозлик маҳорат мактабининг ўрни беқиёсдир.

Бобораҳим Машрабми ёки Раҳимбобо Машраб?

Устоз раҳбарлигида аспиратурада халқимизнинг севимли шоири Машрабнинг бадиий адабиётдаги талқини мавзусига оид тадқиқот ишини олиб бордим. Қўлимда Машраб ҳақида маълумот берувчи иккита нодир қўлёзма бўлиб, улардаги маълумотларнинг ўзи ҳам ишимни якунлашга етар эди. Бироқ устозим суҳбатларида имкони бўлса, шоирнинг 15 йиллик умри ўтган Қашқар атрофи ва Или водийсига бориб, у ердаги манбалар асосида тадқиқот ишимни янги маълумотлар билан тўлдиришни маслаҳат бердилар.

Шундай қилдим. ХХРнинг Шинжонг (СУАР) ҳудудига бориб, Машрабнинг Ёркент хонлигидаги фаолиятига оид ва эски ўзбек (чиғатой) тилида ижод қилган 20 га яқин шоирлар ҳақида ўзбек адабиётшунослиги учун янги маълумотларни қўлга киритдим. Урумчида нашр бўладиган уйғур тилидаги “Булоқ” илмий-адабий журналининг бир неча сонларини устозим Ботирхон Валихўжаевга ва факультетнинг бошқа домлаларига совға қилдим. Машрабга оид маълумотларни ўрганиб, устозимга кузатишларим натижаларини, хулосаларимни тақдим қилдим. Шулардан айримлари:

Машрабнинг асл оти Бобораҳим эмас, Раҳимбобо экан!

Асосан шўролар давридан бошлаб Машрабни Бобораҳим деб аташ одат тусига кирди, бундай номланишда 1926 йилда нашр бўлган Садриддин Айнийнинг "Намунаи адабиёти тожик" асари муҳим ўрин тутди. Асар муаллифи Машрабнинг тожик тилидаги асарларини келтиради ва шоирни "Машраб Намангоний – исмаш Бобораҳим аст.” деб атайди. Бироқ шоир ҳақида маълумот берувчи асосий асар «Девонаи Машраб»нинг барчага маълум нусхаларида унга Раҳимбобо исмини беришгани  айтилган: "...бу гўдакни етти кунлик бўлганда бешикка солдилар. Отларини Раҳимбобо қўйдилар." Шарқий Туркистондаги манбаларда ҳам, Малеҳо Самарқандийнинг “Музаккир-ул асҳоб” тазкирасида ҳам шоирнинг номи Раҳимбобо деб келтирилади. Қолаверса, шоир “Чину Намангон ичида юрди Раҳимбобо сўраб” каби шеърларида ҳам ўз исмини аниқ келтириб ўтганки, биз Машрабни шу ном билан аташни лозим топсак.

Машраб Маккага борган ва ҳожи бўлган!

Ҳозирга қадар Машрабнинг Намангандан чиқиб, Балх шаҳрига бориб, қатл этилгунга қадар бўлган 20 йиллик умри ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ эди. Шунингдек, Машрабнинг Макка, Мадина ҳақидаги шеърлари бўла туриб, унинг Ҳаж сафари хусусида манбаларда хабарлар учрамаган. Шу нуқтаи назардан мен кенг жамоатчиликка маълум бўлмаган “Девонаи Машраб” қўлёзма нусхасини ўрганиб, шоирнинг ҳаж зиёрати, Хоразм, Рум, Арабистон сафарлари асосида шоир умрининг кемтик жойларини тўлдиришни маъқул топдим, бу матнлар орасида шоирнинг кўплаб янги шеъларини аниқладим.

Ёркент хонлигида Машрабдан ташқари чиғатой тилида 20 дан зиёд адиблар асарлар ёзгани аниқланди.

16 асрда Ёркент хонлигида Мирзо Бобурнинг қариндоши Султон Сайидхон асос солган ва шундан кейин чиғатой тилидаги адабиёт ривожланган, Навоий Машраб ғазалларига,“Хамса” достонларига жавоб асарлар ёзилган...

Бу хулосаларим билан танишган устозим “Мана бу бошқа гап, Қашқардан хазинани олиб келибсиз-ку”, дедилар мийиғида кулиб.

“Устоз диссертациямда Машрабни Бобораҳим деб атайми ёки Раҳимбобо? Дарсликларда Бобораҳим дейилган, манбаларда Раҳимбобо” деб сўраганимда, “Мулло Валий билан муҳтарама Биби Салима туғилган фарзандларини қандай аташган экан?” деб саволимга савол билан жавоб бердилар. “Раҳимбобо!” “Ундай бўлса, шоирни ота-онаси атагандек Раҳимбобо атанг, бу ҳам ўзига хос бир янгилик бўлсин. Машрабнинг бадиий қиёфаси акс этган Ҳаж сафари ҳақидаги янги маълумотларни ҳам бу ишингизда эълон қилинг, бу катта янгилик! Шарқий туркистонлик номаълум шоирлар ҳақидаги маълумотларни эса кейинги илмий ишларингизда эълон қилсангиз, яхши бўлади”.

Устозимнинг бутун илмий фаолиятимни қолипга солиб берган ўгитлари илмий ишларим ёки ёзган китобларим учун доим йўлчи юлдуз бўлиб келмоқда! Шу кўрсатмалари асосида “Раҳимбобо Машраб ва унинг бадиий адабиётдаги талқини” мавзусидаги номзодлик диссертациямни ҳам, “Ўзбек-Хитой адабий алоқалари генезиси: фольклор ва адабиётда муштараклик” номли докторлик ишимни ҳам муваффақиятли ёқладим. Афсуски, фан доктори бўлишимни жуда исташган менга азиз бўлган уч киши - онам, отам ва улуғ устозим ҳимоямда қатнашмадилар. Улар бунгача фоний дунёни тарк қилган эдилар. Балким бунинг хабари уларга етгандир.

Қуръони Каримни ўрганмоқ учун руҳан ва жисмонан пок бўлмоқлик хусусида

Ўтган асрнинг 90-йиллари бошларида демократия шамоли эсиб, адабиётда “диний-клерикал”, сарой адабиёти” деб номланиб келинган шоирлар ижодига, диний манбаларга қизиқиш анча кучайди. Ўша вақтлари устозим Ботирхон Валихўжаев раҳбарлик қилаётган кафедрага янги ўқитувчи бўлиб келган кезларим эди. Бир куни устоз кафедра ўқитувчилар билан уч саволдан иборат бўлган сўровнома ўтказдилар. Бу саволлар ичида “Адабиётни ўрганмоқ учун Қуръони Каримни ўқув жараёнига татбиқ қилмоқ керакми?” мазмунидаги савол ҳам бор эди. Мен шу саволга бошқалардан фарқли ўлароқ “йўқ” деб жавоб бердим. Эртаси куни талабалигимда менга кўп ёрдам ва маслаҳатлар берган кафедрамизнинг доценти, устоз Қобилжон Тоҳиров ёнимга келиб “устоз ёшлардан хурсанд”, деб табассум қилдилар.

Тушликка яқин стол атрофида кафедра аъзолари билан сўровнома жавоблари муҳокамаси бўлди. Устоз Ботирхон Валихўжаев ҳамманинг олдида мендан “Эркинжон, сиз адабиёт дарсларида Қуръони Карим китобининг ўқитилишига қаршимисиз?”, деб сўрадилар. “Албатта, устоз”, дедим. Фольклоршунос олим, устоз Шавкат Холматов кўзойнакларининг устида менга жиддий қараб қўйдилар. “Ундоқ бўлса, фикрингизни бизга тушунтириб берсангиз”,  дедилар Ботирхон Валихўжаев.

“Қуръони Карим оддий китоб эмас! У филологлар таҳлил қиладиган бадиий ёки илмий асар ҳам эмас, у Яратган Эгамнинг каломидир! Бу китобни ўрганмоқ учун, аввало, араб тилининг зеру забарлари, ислом фалсафаси мағзини англашдан ташқари, ҳам жисмонан, ҳам руҳан таҳоратли бўлишимиз, тилимиз, кўзимиз, сўзимиз пок, шариат қоидаларидан хабардор бўлишимиз зарур. Ҳозирги ҳолатимизда мен бу илоҳий китобни ўрганишга муносиб ҳам эмасмиз, тайёр ҳам эмасмиз, деб биламан”, дедим. Устозим табассум қилиб, “Раҳмат сизга!” деб, қўлимнинг устига қўлини қўйдилар.

Устоз, шунингдек, бўлар-бўлмасга дин, тасаввуф ҳақида гапираверишни, билиб-билмай уларнинг муаммоларига аралашаверишни маъқул кўрмас эдилар. Мутасаввуф билан сўфийни фарқлаш кераклигини, мутасаввуф сўфий, сўфий эса ҳар доим мутасаввуф бўла олмаслигини таъкидлардилар. Гарчи устоз Хожа Аҳрор Валий ҳақида рисолалар ёзган бўлса-да, улардаги маълумотларни ривоят, афсона ёки тахмин нуқтаи назаридан эмас, балки аниқ-тиниқ фактлар асосида келтирганлар, гарчи устознинг ўзлари даврининг мутасаввуфи эрса-да, Хожа Аҳрор Валий ҳақидаги маълумотларда тасаввуфнинг назарий томонларига урғу беришни ортиқча иш деб билганлар.

Устоз валиймиди?

Билмадим, балким устозимда инсон психологиясини англаш хислати жуда мукаммал тарзда ривожланган ёки устоз ростдан ҳам аллақандай ғайри табиий хусусиятларга эга инсон бўлганлар, ҳар қалай, мен кўрган ва англаган айрим нарсаларни тушунтириш бироз мушкулдир.

Устознинг ҳали юз бермаган нарса-воқеаларни олдиндан айтиб турадиган хислатлари бор эди. Эсимда: кафедрада ўқитувчилар дарс соати тақсимотлари билан мен шуғулланар эдим. Бир куни деканимиз Тоҳир Қурбонов мендан шу тақсимотни келтиришимни сўраганида негадир бу қоғозларни топа олмадим. Тақсимот уйда ҳам, кафедрада ҳам йўқ эди. Мендаги безовталикни кўрган домла “Сиз излаётган қоғозлар маъруза қилган минбар устида турибди”, деди ва ҳақ бўлиб чиққан эдилар. Бир неча марта устозимдан дарсларимга оид китобларни ёки зарур маълумотни сўрамоқчи бўлиб, хаёлимга келтирганимда “у китоб фалон жойда” ёки “фалон манбани кўринг, ўша ерда жавоб бор” тарзида маслаҳат берар эдилар. Айтилмаган саволга овозли жавобни эшитиш бироз ноодатий туюларди.

Маънавий фарзанд устунми ёки жисмоний фарзанд?

Ботирхон Валихўжаев Хожа Аҳрор Валий ҳақидаги изланишларини давом эттираётган бир пайтда Мирзо Улуғбек, унинг етук шогирдлари ва Абдулатиф Мирзо, падаркушлик ва ноқобил фарзанд психологияси кабилар ҳақида суҳбат қилдилар. Сўнг фикрларини хулосалаб, илм йўлида заҳмат чекаётган шогирдларнинг ҳам асли устоз учун бола, маънавий фарзанд эканлигига урғу бердилар.

Домланинг фикрича, бу фарзандлар гарчи устоз вужудидан яралмаган бўлса-да, лекин зиёлининг онгидан, берган илмидан шакллангандир. Гоҳида отанинг пушти камаридан бўлган ўғлонлар оталар истагандек эмас, бошқача ҳам бўлиш мумкинлигини юқоридаги тарихий ҳолатлар мисолида куюниб гапирган эдилар. Сўнг менга қараб, савол бердилар: “Сизнингча, жисмоний фарзанд устунми ёки маънавий фарзанд?”. Мен негадир домланинг бунчалик таъсирланишини кутмаган эдим, шошиб “Икки тоифадаги фарзандлар ҳам бирдек азиздир”, деб қисқа қилдим. Устоз бироз жим турдилар-да, сўнг дедилар: “Маънавий фарзанд устун экан!”.

Бу савол ва ўзларининг жавобларида мен оталарнинг ишончини оқлолмаган фарзандлар ҳақида умумий бир хулосани англагандек бўлдим.

Видолашув дуоси

2005 йил августининг охирларида, устоз вафот этишларидан уч кун олдин тилшунос олим Толиб Жўраев билан бирга уйларига бордик. Уй ичидагилар беморни асраш мақсадида четдан келувчиларни ичкарига киритмаётган, домла ҳолдан тойган ва қимирламаётган экан. Биз ҳам қайтмоқчи бўлиб энди шайланган эдикки, устоз келганлигимизни қаердандир билиб, чақиртирди.

Биз домла ётган уйга кирмай, бўсағага яқин жойдаги курсиларга ўтирдик, уй ичида тўшакда ётган устозим билан сўрашган бўлдик. Устоз ҳаракатга келдилар, белигача қаддини кўтардилар-да, икки қўлини дуога очдилар. Мен умрим бино бўлиб бунақа таъсирли ва узун дуони эшитмаган эдим. Устознинг товушлари титрагандек бўлди. Шундан кейин тушундимки, устоз аслида сўнгги олқиш айтиш баробарида биз билан видолашаётган экан. Кўзимиздан ёш оқди, ўрнимдан туриб бориб устознинг оёқларини маҳкам қучиш учун ўша томонга юра бошладим. Бироқ йўлимни тўсишди. Бунга рухсат йўқ экан. Устоз билан сўнгги марта кўзёш қилиб видолашдик.

Ботирхон Валихўжаев барчага ибрат бўладиган хокисор инсон, чин маънодаги зукко олим сифатида умр кечирдилар. Домланинг ҳар бир дарси адабиётшунослик учун кичик бир кашфиёт бўлар эди, эсизки, ўша вақтда факультетда на диктофон, на магнитофон бўлган - олтинга тенг маърузалар ёзиб олинмаган. Устоз бир дарсини ҳеч қачон иккинчи марта шу тарзда такрорламас, дарсларга қоғозсиз, маъруза матнисиз кирар, мавзуни тўхтамай, ёддан қўнғироқдан қўнғироққа довур сўзлар эдилар. Устоз дарс вақтини жуда қизғанар, ҳатто дақиқа ва сонияларни бекорга сарфламас, шу сабабли дарс вақтида талабалар йўқламасини қилмас эдилар. Йўқлама қилмасликнинг бошқа бир сабаби ҳам бор эди, чунки талабалар домланинг дарсини сира қолдирмас эди, ҳатто бошқа курс, факультет талабалари ёки оддий адабиёт шинавандалари, мухлислар келиб, домланинг дарсларини шунчаки тинглашга, суҳбатини олишга муштоқ эди! Афсуски, бундай мукаммал инсонлар ҳаётда жуда-жуда кам, дунёга ҳам балки ҳар юз йилликда келар ё келмас.

Дарвоқе, устоз Ботирхон Валихўжаев ҳаёт бўлганларида бугун 93 ёшини қаршилаган бўлардилар...

Эркин Мусурмонов,

СамДЧТИ профессори.