Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Бой бўлиш учун қўл-оёқ қатори ақлни ҳам ишлатиш керак

Мамлакатимиз аҳолиси орасида “бу ерда иш йўқ, пул йўқ”, деб хорижда ишлаб юрганлари ҳам бор. Бундайлар бир томондан “яхши” - иш кучини экспорт қилиш билан бирга анчагина маблағни мамлакатимизга олиб келяпти. Иккинчи томондан, кўпларининг оиласи, болалари ота-она меҳридан йироқда улғоймоқда. Шунинг учун бу болаларнинг келажакда яхши инсонлар бўлиб етишишига кафолат йўқ. Чунки меҳр ва етарли даражада тарбия кўрмаганлардан бирор ижобий нарсани кутиш қийин. Кошки эди, юртдошларимиз четга бориб, ўзини ижобий томондан кўрсатиб, илғорлар сафида бўлиб юрса.

Гувоҳи бўлганларим мисолида айтиш жоизки, фақат қўл-оёқ билан бирга тафаккурни ишга солган ҳолда фаолият кўрсатиш керак экан. Йўқдан бор қилиш учун бирорта касбни севиб, ундан самарали фойдаланиш зарур.

Бир танишимнинг фарзанди талаба эди. Оила етишмовчилик билан кун кўрар, аммо фарзанд жуда интизомли эди, бирор кун ҳам дарс қолдирмасди. Бир куни шу талабадан сўрадим:

- Камчиликларинг бўлса айт, балки ёрдам бериб турарман. Ҳозир талабасан, тортинма!

- Йўқ, домла, эҳтиёжимга етиб турибди, - деди.

Отасидан сўрасам, оиласидан пул олмаслигини таъкидлади.

Дўстларидан суриштирсам, бола дарсдан кейин бозорда арава ҳайдаб пул топар экан. “Арава ҳайдагунча савдогарлик қилсанг яхши эмасми”, десам, “Бизнес учун менда маблағ йўқ. Шу туфайли шу ишни афзал кўрдим”, дейди...

Талаба шу тариқа институтни битирди. Лекин аҳволи бироз ўнглангани унинг кийиниши, юриш-туришидан билиниб турарди. Ўз касби бўйича ҳисобчи бўлиб ишга жойлашди. Бир жойда асосий штатда бухгалтер, бошқа бир нечта хусусий фирмаларнинг ҳисобчилигини ҳам олиб борадиган бўлди. Ойлиги профессорникидан кўп.

Маълум вақт ўтгач, тўплаган пулига битта дўконни сотиб олиб, уни ижарага бериб, қўшимча пул топадиган бўлди. Аҳволини сўрасам, “Домла, ўзингизнинг ишлаганингиздан мулкни ишлатиб топган пулингиз ҳам баракали бўлар экан. Ўзим топганни рўзғорга ишлатаман, мулкдан келганларини жамғарма қилиб бораяпман. Яна битта дўкон сотиб олиб, уни ҳам ижарага топшириб қўйдим”, дейди.

Иккита дўконнинг ижарасини тўплаб кичикроқ ошхона очишга муваффақ бўлди. Тўрт-беш кишини иш билан таъминлаб, ҳақиқий тадбиркорга айланди. Ҳозир нима қиламан деса, захираси ҳам, пули ҳам бор. Аммо ҳамон ҳисобчилик қилади. “Ишни қўйиб, бизнесни бошқариб, пулни санаб юрсангиз бўлмайдими”, дейишар экан тенгдошлари. “Бухгалтерлик севган касбим, ёқтирган ишимни ташлаб хор бўлишни истамайман”, деб касбини ташламайди. Ҳозир бухгалтерия ҳисобининг халқаро стандартларини ҳам тўлиқ ўзлаштириб олган.

Айтишларича, унга раҳбарлик лавозимларини ҳам тавсия қилишган. Аммо у бухгалтерликни афзал билади. Чунки ушбу касб уни шу даражага етказди. Касбингизга садоқат билан хизмат қилсангиз, у сизга барака, муваффақият олиб келар экан.

Биродарлар, “ишим йўқ, маблағим йўқ” деб нолиманг. Ҳаракат қилсангиз, ўзингизнинг, болаларингизнинг ҳам қорни тўяди. Ҳозир ўзини ўзи банд қилишнинг юзлаб имконияти яратилган. Пулингиз, ишингиз бўлмаса ҳам 170 дан зиёд касбдан бирини танлаб, ўз фаолиятингизни бошлашингиз мумкин.

Фақат бирор касбни севиб, уни сидқидилдан бажарсангиз бойлигингиз нолдан миллиардгача етиши ҳеч гап эмас. Бошқа юртларга бориб, сарсон бўлиб юришга мажбур ҳам эмассиз.

Мамаюнус ПАРДАЕВ,

Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти профессори, иқтисодиёт фанлари доктори.