“BRICS - Янги авлод”: Халқаро мактабида самарқандлик талаба ғолиблар қаторига қўшилди

Бу йил BRICS-Россия экспертлар кенгаши BRICSнинг “Янги авлод” халқаро мактабига номзодларни танлаш учун “BRICS халқаро мактаби: Янги авлод” илмий-ижодий танловини эълон қилди.

BRICS унинг фаолияти ва ривожланишига ҳисса қўшадиган қатор тузилмалар ва институтларга эга давлатлараро бирлашмаси саналади.

Илмий-ижодий танловда иштирок этиш учун нафақат BRICS мамлакатлари, балки исталган давлатдан талаба ва ёш олимлар, дипломатлар, жамоат арбоблари, ёшлар бирлашмалари вакиллари ва кўнгиллилар, тадбиркорлар ва журналистлар таклиф этилди. Натижада илмий-ижодий танловда Бразилия, Россия, Ҳиндистон, Хитой, Жанубий Африка, Миср, Индонезия, Эрон каби BRICS мамлакатлари, шунингдек, Италия, Марокаш, Словакия, Жанубий Корея, Туркия, Вьетнам ва бошқа давлатларнинг энг яхши вакиллари ғолиб деб топилди. Ижодий танлов ғолиблари орасида ўзбекистонлик Доно Мирзаева ҳам бор. 

Таъкидлаш ўринлики, танловдан муваффақиятли ўтганлар 2025 йил 28 октябрдан 1 ноябргача Москвада бўлиб ўтадиган BRICSнинг “Янги авлод” халқаро мактабида иштирок этишга таклиф қилинади. 

Расмий дастур иштирокчилар ўртасида мулоқот, фикр алмашиш ва алоқаларни ривожлантиришга қаратилган қатор маърузалар, эксперт муҳокамалари, семинарлар, интерфаол сессиялар ва бой маданий дастурни ўз ичига олади. 

Илмий-ижодий танлов ғолиблари бутун дунёдан 100 нафар ёш етакчилар жаҳон ҳамжамиятининг бир қисми бўлиш учун ноёб имкониятга эга бўлишди. Мактаб ҳар йили Россия Ташқи ишлар вазирлиги кўмагида BRICS ёш мутахассислари захирасини шакллантириш ва BRICS ёшлар трекини ривожлантириш мақсадида ўтказилади. 

Доно Мирзаева асли  самарқандлик Тошкентдаги Британия менежмент университети талабаси, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети қошидаги академик лицейда таҳсил олган. 

2025 йилда Доно ASEAN AYFN академияси танловида ғолиб чиқди ва ASEAN Ёшлар дўстлик тармоғи дастури доирасида Японияда амалиёт ўтади. Инглиз тилини билиш бўйича IELTSдан 8 баллга эга.

Ишонамизки, Доно Мирзаева ушбу нуфузли BRICSнинг “Янги авлод” халқаро мактабининг фаол тингловчиси сифатида фаолият олиб боради.