БСК: Тадбиркорлик соясидаги бизнес(ми?)

“Емаган сомсага пул тўлади”, деган мақол биз яшаётган Бахтли ҳаёт маҳалласи аҳолисига атаб айтилгандек.
Зиммасидаги вазифасини бажармаётган бошқарув сервис компанияси (БСК) чиқиндини ўз вақтида олиб кетиш ўрнига маҳалла аҳолисини қарздорликда айблаб пул ундирмоқда.
Қонунчилигимизга асосан БСКлар аҳолининг 51 фоиздан ортиғининг розилиги билан хизмат кўрсатишни бошлаши, дастлаб бир йилга шартнома тузилиши, аҳоли БСКнинг хизматидан қониқса шартнома 2, кўпи билан 3 йилга узайтирилиши мумкинлиги белгиланган. Лекин бу қоидалар четда қолиб “Нурли йўл 777” бошқарув сервис компанияси қайсидир йўллар билан маҳалламизда хизмат кўрсатишни йўлга қўйди.
Аслида БСК аҳолига 16 банддан иборат хизмат кўрсатиши белгиланган, лекин улар деярли бирортасини бажармаяпти: подъездларни таъмирлаш, ранглаш, канализация қувурларини алмаштириш, йўл ва йўлакларни таъмирлаш, чиқиндиларни вақтида олиб кетиш, тунги чироқлар созлигини таъминлаш, атрофни ободонлаштириш, болалар майдончасини соз ҳолатда сақлаш ҳам уларнинг вазифасига киради. Лекин бу юмушларнинг ҳаммасини аҳоли ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширади. Кўп қаватли уйнинг битта подъездида 25 та хонадон бор, улар ҳар ой подъездларни тозалагани учун фаррошга 30 минг сўмдан пул тўлашади. Аслида ҳам БСКнинг вазифасига киради.
Маҳалламизда 950 га яқин хонадон, 23 та кўп қаватли уй бор. Сифатли хизмат кўрсатмасдан, аҳоли билан шартнома тузмасдан туриб, одамларни миллионлаб қарздор қилиб суд орқали ундиряпти. Ваҳоланки, чиқинди уйга кириш йўлаклари, лотоклар, яшил майдонларда ҳам тўпланиб қолади, лекин БСК ходими фақат “баклажка”ни олиб кетади. Чиқинди вақтида олиб кетилмаганидан, лотоклар тозаланмаганидан иссиқда уй атрофида нафас олиб бўлмай қоляпти. БСК учун маҳаллада алоҳида хона ажратилган бўлса-да, раҳбарлари бу ерда ўтирмайди, одамлар билан учрашмайди, дардимизни тингламайди, хизматни ҳам яхшиламайди, лекин қарздорликни оширади.
Майли, сифатли хизмат кўрсатсин, тўловни ўз вақтида тўлаймиз ёки бошқа БСК хизмат кўрсатсин, аммо қилмаган иш учун қарздор бўлиш, пул тўлаш, “Емаган сомса”га пул тўлашдан бошқа нарса эмас. Бошқача айтганда, бу ҳолат талончиликнинг қонуний йўли бўляпти. Бунга барҳам берадиган ташкилот борми?
Аҳмадхон Сиддиқов,
Элёр Жабборов,
Меҳрож Қодиров,
Самарқанд шаҳридаги Бахтли ҳаёт маҳалласи.