Бу исмни қўйиш мумкин эмас!
Айрим машҳур кишиларнинг фарзандларига қўйган исмларини эшитиб, энди дунёда бизни ажаблантирадиган ҳеч нарса қолмаган бўлса керак, дейди одам. Бунга Илон Маск ва қўшиқчи Граймснинг ўз фарзандига қўйган X Æ A-12 исми ва актриса Гвинет Пелтроунинг Apple исмли қизи мисол бўла олади.
Баъзи мамлакатларда янги туғилган чақалоқларга исм қўйишда маълум чекловлар бўлиши ва ота-оналарнинг шу ва шунга ўхшаш ижодий ғоялари рағбатлантирилмаслиги керак, деб ҳисоблашади.
ADME мабодо муҳаррирлар тўсатдан бошқа давлатга кўчиб ўтишса, улар ўз фарзандларига қандай исм қўя олмаслиги тўғрисида қизиқди.
Нутелла ва Қулупнай - Франция
Бир француз оиласи ширин шоколад пастаси шарафига атаб қизи исмини Нутелла қўйди. Ота-она келажакда фарзандининг бутун дунёда машҳур бўлишини орзу қилган бўлса, ажабмас. Бироқ бу бошқача бўлиб чиқди. Мактабда тенгдошлари қизни масхара қила кетди, шу сабабли қизалоқ ўз исмини Элла деб ўзгартиришга мажбур бўлди. Жамиятида кенг муҳокама қилинган воқеа натижасида Франция ҳукумати болаларга бу исмни беришни расман тақиқлаб қўйди.
Яна бир франциялик қизига Fraise (французча “қулупнай”) исмини қўймоқчи бўлган эр-хотин рад жавобини олди. Бунинг сабаби сўз ўйини бўлиб, кўча тилида шунга ўхшаш жуда қўпол ибора мавжуд. Натижада чақалоққа Fraisine исми қўйилди.
Терминатор — Мексика
Узоқ вақт давомида Мексикада бир пайтлар Арнольд Шварценеггер ўйнаган фильм қаҳрамонига атаб қўйилган исмли чақалоқлар жуда кўпайиб кетди. Шу сабабли маҳаллий ҳокимият Терминатор исмини тақиқлашга қарор қилди.
Санта-Клаус — Огайо (АҚШ)
Огайо штатида яшовчи Роберт Уильям Ҳандли Янги йил байрамларини шунчалик яхши кўрадики, у ўз исмини Санта Роберт Клаус деб ўзгартирмоқчи бўлди. Бироқ, маҳаллий ҳокимият бундай исмдан фойдаланишни тақиқлади. Эркак бу қарордан қониқмади ва ишни қайта кўриб чиқиш учун судга даъво ариза ёзди. Охир-оқибат у суддан ўз исмини ўзгартиришга рухсат олиб чиқиб кетди.
Ялпиз ва Тош - Германия
Германияда болага Pfefferminze (немис тилидан “ялпиз” деб таржима қилинади) исмини бермоқчи бўлишди. Бу сўров “масхарага сабаб бўлиши мумкин”лиги сабабли рад этилди. Stone (инглизча “тош”) исм қўймоқчи бўлганлар ҳам “бола ўзини идентификация қила олмайди, чунки бу исм эмас, балки объектдир”, деб асосланган рад жавобини олди.
Жума ва Мовий - Италия
Италияда жума каби ҳафтанинг гўзал ва севимли кунини исм сифатида ишлатиш тақиқланган. Италия суди Venerdi (итальянча “жума” деган маънони англатади) исмини “бемаъни ёки кулгили”исмлар тоифасига киритди ва шу сабабли ундан фойдаланиш тақиқланади, деб қарор қилди.
Шунингдек, 2018 йилда Миланда маҳаллий ҳокимият вакиллари қизига Blu (итальян тилидан “кўк” деб таржима қилинади) исмини қўймоқчи бўлган эр-хотинга рухсат беришдан бош тортди. Қарор мамлакат президентининг 2000 йилдаги “фарзандга бериладиган исм боланинг жинсига мос келиши керак”лиги тўғрисидаги фармонидан кейин қабул қилинди.
@ - Хитой
Хитойлик эр-хотин бири фарзандига @ деб исм қўймоқчи бўлди. Гап шундаки, “кучукча” белгиси “ай-та” садосини беради ва хитой тилида “уни севиш” маъносини англатувчи иборага ўхшаб кетади. Шу сабабли бу ғоя муваффақиятсиз тугади: Хитойда рамзларни исм сифатида ишлатиш тақиқланган.
Малика ёки Шаҳзода - Янги Зеландия
Янги Зеландияда қиз болаларга Принцесса (Малика) исмини бериш тақиқланган. Мамлакат бундай исмни расмий титул (принцнинг хотини ёки қизи) эканлигини рўкач қилиб рад этди. Шунингдек, тақиқланган исмлар рўйхатида шаҳзода, қирол, малика, герцог, майор, эпископ, авлиё, сэр, хоним, констебль ва барон каби титуллар ҳам бор.
Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.