Бу кунларнинг қадрига етиш керак

Марказий ҳарбий округ Самарқанд гарнизони маънавият ва маърифат маркази ҳарбийлари Пайариқ туманидаги Зарафшон маҳалласида яшовчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, 98 ёшли Маҳмадали Сиддиқов хонадонида бўлиб, отахонни Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 76 йиллиги билан табриклади.
– Шу кунларда юртимизда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 76 йиллиги ҳамда Хотира ва қадрлаш кунига қизғин ҳозирлик кўрилмоқда, – дейди Самарқанд гарнизони маънавият ва маърифат маркази бошлиғи Акбар Абдухалилов. – Биз ҳам бугун ҳаёт бўлган ва жамиятимизнинг энг ардоқли кишилари сифатида давлатимиз ва халқимиз эъзозидаги фахрийларимиз ҳолидан хабар олиб, уларни байрам билан табриклаяпмиз. Тиббиёт ходимлари уруш қатнашчиларини тиббий кўрикдан ўтказмоқда, ҳарбий оркестр улар учун уруш давридаги қўшиқларни куйлаяпти.
1944 йилда фронтга сафарбар этилиб, кўп синовларни бошидан кечирган, ўлим билан олишган ва қишлоғига ғалаба билан қайтиб келиш насиб этган Маҳмадали ота бутун умрини ёш авлодга таълим-тарбия беришга бағишлади. Қишлоғидаги мактабда ўқитувчилик қилди, кўп йиллар директор бўлди. Айни пайтда Пайариқдаги якка-ю ягона уруш қатнашчиси, таъбир жоиз бўлса, туманнинг энг эъзозли кишиси.
Маҳмадали ота Иккинчи жаҳон уруши ва ундан кейинги ҳаёти ҳақида ёш ҳарбийларга гапириб берди, тинчликнинг қадрига етиш ва асраб-авайлаш зарурлигини таъкидлади.
– Юртимиздаги катта-ю кичик ҳозирги кунларга шукрона айтиб яшаш керак, – дейди Маҳмадали Сиддиқов. – Худога шукр, тинч-осойишта замонда яшаяпмиз. Давлат ҳар бир киши меҳнат қилиши, яхши яшаши учун шароит яратиб беряпти. Буёғи одамларнинг ўзига боғлиқ. Меҳнат қилган кам бўлаётгани йўқ. Биз, уруш қатнашчилари эса шу кунларга етказганига минг карра шукрона айтамиз. Ҳар куни Президентимизнинг, давлатимизнинг ғамхўрлигидан баҳрамандмиз. Бу йил ҳам байрам анча эрта бошланди. Ҳар куни келиб, сўраб туришибди. Президент ҳам катта пул мукофоти беряпти. Бундан миннатдор бўламиз-да, албатта.