Бугун газетада қандай мавзуларни ёритиш керак? Муҳаррирлар бу борада нима қиляпти?

Вилоят Матбуот уйида бўлиб ўтган шаҳар ва туман газеталари муҳаррирлари иштирокидаги давра суҳбатида шу ва бошқа саволларга жавоб изланди.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими, вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси ташаббуси билан ташкил этилган тадбирда тажрибали журналист Ф.Тошев газета саҳифасида бугунги куннинг энг долзарб муаммоларини ҳаётий воқелик асосида, содда тилда ёзилган мақолалар сонини ошириш кераклигини таъкидлади. Бўлиб ўтган тадбирлар ахборотларини газетада эмас, унинг сайт ва ижтимоий тармоқдаги саҳифаларида ёритиб борилиши бўйича таклиф билдирди.

- Газетада танқидий, таҳлилий материалларни беришда албатта аниқ манбаларга таяниш керак, - деди Ф.Тошев. - Муҳими, мухбир инсонлар дилидаги ва тилидаги гапларни газетага олиб чиқса унинг мавқеи, нуфузи ошиб бораверади.
Учрашув давомида материалларнинг тайёрланиш жараёни ва уни эълон қилиш билан боғлиқ ҳолатларда “Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газетаси, Zarnews.uz сайти ҳамкорликка тайёр эканлиги таъкидланди. Ҳар бир шаҳар ва туман газеталари муҳаррирлари имзоси билан май ойида вилоят нашрларида бир нечта мавзулар бўйича чиқиш қилиниши таклиф этилди.

Шунингдек, тадбирда Хоразм вилоятининг “Эзгу сўз” газетасининг бўлим муҳаррири Махбира Каримова ҳам иштирок этиб, газета билан боғлиқ саволигиа жавоб олди. Шундан сўнг, хоразмлик журналист "Вилоят матбуот тарихи" музейида бўлиб, у ерда сақланаётган экспонатлар, газеталарнинг яратилиш тарихи билан боғлиқ маълумотлар, “Зарафшон”, “Самаркандский вестник”, “Овози Самарқанд” газеталари ходимлари учун яратилган шароитлар билан танишди. Келгусида бу таҳририятлар билан биргаликда ижодий ҳамкорлик қилиши бўйича келишиб олинди.

Ҳусан Элтоев.