Бугун кечқурун энг узун тун бўлади

21 декабрдан 22 декабрга ўтар кечаси табиатнинг ажойиб ҳодисаларидан бири кузатилади. Бу санада энг узун тун содир бўлади. Қишнинг бу энг узун ва қоронғи кечаси «Ялдо» кечаси дейилади.

Кун туриши 21 декабрь куни бутунжаҳон вақти билан 21:48 (Тошкент вақти билан 22 декабрь 02:48) да бошланади.

Бу вақтда қуёш эклиптика бўйлаб ҳаракатланар экан, осмон экваторидан дунёнинг жанубий қутбига қадар энг узоққа етиб боради. Сайёрамизнинг шимолий яримшарида астрономик қиш, жанубий яримшарда ёз бошланади.

Қуёш туриши вақтидан олдин ва кейин бир неча кун давомида, тўхтаб қоладигандек, қуёш баландликни "ушлаб туради". Кундузи Ернинг шимолий яримшарида Қуёшнинг уфқ устидаги энг паст ҳолатини кузатиш мумкин бўлади.

Шу кунларда Арктика доирасидан ташқарида қутбли тун бошланади. Қуёш уфқдан юқорига чиқмайди.

Қадимда ушбу жараённи Ердаги ёруғлик ва иссиқлик билан боғлиқлигини англаб, зулмат устидан ёруғлик ғалабаси сифатида билишган. Айрим халқлар қайта туғилиш, янги ҳаёт ва табиат янгиланиши сифатида байрам қилишган.

Масалан, қадимги Хитойда энг узун тун тугаши билан табиатда эркакча куч уйғонади, янги цикл бошланади, деб ишонишган ва байрам қилишган. Шу куни императордан тортиб оддий ҳалққача - байрам таътилига чиққан. Урушлар тўхтатилган. Ҳозиргача қишки кун тўхташи Хитойнинг анъанавий байрамларидан бири ҳисобланади.

Қишки кун туришида дарахтларга қиров тушса - мўл-кўл ҳосилдан дарак.

Гулнора Холдорова тайёрлади.