Бугун туғилган кун

Самарқанд вилояти «Зарафшон» (аввалги «Ленин йўли») газетасида чорак асрдан зиёд вақт давомида ишлаган таниқли публицист, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Исо Абдураҳмонов (суратда ўнгда) 83 ёшга кирди.
И.Абдураҳмонов 1937 йил 5 майда Қрим вилояти Евпатория шаҳрида туғилди. Ўсмир ёшидан ҳаёти ва фаолиятини Самарқанд билан боғлаган бўлғуси журналист олий маълумотга эга бўлгач, 1967 йилда «Ленин йўли» газетасига мусаҳҳиҳ сифатида ишга қабул қилинган.
Кейинчалик мухбир, бўлим мудири, бош муҳаррир ўринбосари бўлиб ишлаган.
Исо Абдураҳмонов «Мухбирнинг оёғи етмаган жой, мухбир ўқимаган китоб, мухбир аралашмаган масала, мухбир бермаган савол, мухбир учрашмаган киши дунёда бўлмаслиги керак. Зеро, мухбир ҳар куни, ҳар соат дипломатларнинг учрашувида ҳам, ядрошунос олимлар лабораториясида ҳам, пахтакорнинг даласида ҳам, кончининг шахтасида ҳам, космонавтлар даврасида ҳам ҳозиру нозир», деган шиорга доим амал қилиб фаолият юритди. Шу асосда «Зарафшон» мадҳиясини ёзди:
Томчилардан чин дарёга айланасан сен,
Минглаб уйга йўл оласан бўлиб минг ирмоқ.
Сатрлар-ла юракларга бойланасан сен,
Учқунларни тўплаб-тўплаб, ёқасан чироқ.
Эй, «Зарафшон», «Зарафшон»им!
Тилсимли олам, қувонсам ҳам,
Босса ҳам ғам, шўнғийман сенга.
Баъзан яқин дўст бўласан,
Муаллим баъзан.
Адашганда йўл кўрсатиб қўясан менга.
Хас-чўпларни, чиқитларни қирғоққа отиб,
Йўлларингда ўстирасан анвойи гуллар.
Ҳеч бир жойда сен орқага кетмайсан қайтиб –
Биласанки, юракларда бор ҳали чўллар.
Эй, «Зарафшон», «Зарафшон»им!..
Исо Абдураҳмонов бугунги кунда туғилган юрти - Қримнинг Евпатория шаҳрида умргузаронлик қилмоқда.