Бугун туғилган кун

Шоир ва драматург, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби Душан Файзий 1927 йил 5 февралда Қизилтепа туманида туғилган.

 

Самарқанд давлат университетининг филология факультетида таҳсил олгач, илк иш фаолиятини Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Самарқанд вилояти бўлими котиблигидан бошлаган. Кейинчалик вилоят телевидение ва радиоэшиттириш қўмитаси раиси, СамДУ проректори, «Имом Бухорий» халқаро хайрия жамғармаси раиси ўринбосари бўлиб ишлаган.

Ижоди Иккинчи жаҳон уруши йилларида бошланган. «Туғилган куним», «Қалбим сеники», «Наво», «Ёр хаёли», «Онаизор», «Буюклик», «Самарқанднома», «Севгилим» каби шеърий тўпламлар нашр эттирган. Драматург сифатида эса «Зарафшон қизи», «Биринчи учрашув», «Келин келди», «Қорасоч», «Ғазал ва муҳаббат», «Ўн етти ёшлилар» ва бошқа саҳна асарлари яратган.
Душан Файзийнинг «Дўстлик қўшиғи», «Асрим монологи», «Ургут қасидаси», «Темурнома» достонлари ва «Имом ал-Бухорий» шеърий романи бор.

1997 йилда «Дўстлик» ордени билан мукофотланган. 2009 йилда вафот этган.
Қуйида шоирнинг шеърларидан намуналар ўқийсиз:

СИНИҚ БИР АРМОН
Пешонага ёзуғлик экандир ҳижрон,
Авж пардада узилди рубобнинг тори.
Муаллақ турибди синиқ бир армон,
Ўксинган кўнгилнинг нолаю зори.

Мен у чоқ севгининг оғушида ғарқ
Заррин уфқларда кезардим гўё.
Висол не, ҳижрон не, қилмас эдим фарқ,
Гўё садоқатга тўлиқдир дунё.

Сен яхши кўрардинг, яхши кўрардинг,
Ер, кўкка ҳам ишонмас эдинг, ахир.
Яхши кўрмоқ надир, жондан суярдинг,
Фақат иккимизга аёндир бу сир.

Ўзимнинг қисматим қўйиб бир ёққа
Сенинг тақдирингни ўйлайман бу дам.
Биз кезган йўлаклар қолди йироқда,
Шукрона қилайлик шунисига ҳам.

Уфқда сўқмоқлар, йўлларинг узоқ,
Тақдир вафо қасри томон йўлласин.
Сени деб ибодат қилурман бу чоқ,
Бу ёғига энди Ўзи қўлласин!

НЕЧА КУНКИМ
Неча кунким, паришондир хаёлим,
Неча кунким, дилим эрур ғаш.
Наҳот, бир сўрамадинг, нигоро, ҳолим,
Вужудим ёндирар пинҳоний оташ.

Кимнидир кутади безовта кўнгил,
Кимнидир излайман бўм-бўш хонада.
Изтироб чекади хонамдаги гул,
Тўкилган баргларин кўриб ёнида.

Эшикка жавдираб қарар кўзларим,
Тиқ этса севинчдан энтикар юрак.
Баъзида адашиб кетар сўзларим,
Начора, бугун ҳам бўлмади дарак?!

Кўзимга тор этиб сўнгсиз дунёни,
Жавонда китоблар туришар қатор.
Тошойна излайди таниш сиймони,
Сукутда турмишдир чанг босган дутор.

Тонг отар, кун ботар – ўтар бугун ҳам,
Ҳар дақиқа менга туюлар бир йил.
Оромимни олмиш ҳасрату алам,
Кимнидир кутади безовта кўнгил.