Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Бугун туғилган кун - Садриддин Айний (1878-1954)

Ёзувчи, олим, ўзбек ҳамда тожик адабиёти намояндаси, ўз даврининг жамоат арбоби Садриддин Айний 1878 йил 15 апрелда Бухоро вилоятининг Ғиждувон тумани, Соктари қишлоғида туғилган.
Масжид қошидаги мактабда илк таълимни олиб, сўнг қишлоқ мулласининг рафиқаси Биби Халифа мактабида ўқиган.

1890 йилда Бухородаги Мир Араб мадрасасида таҳсил олади. Бу ерда таълим берилувчи китобларга нисбатан, кўпроқ шеърият билан қизиқади. “Айний” тахаллусини у 1896 йил олган.

1905 йил машҳур шоир бўлгач, унинг шеърлари сайланма асарлар тўпламига киритилган. У вақтлар ташкил қилинган “Маърифат” жамияти “янги услубдаги” мактаблар (маҳаллий) учун дарсликлар ёзган.
1920 йил уйланиб, оиласи билан Самарқандга келади. Бу ерда мактабда дарс беради, сўнгра бутунлай адабий фаолият билан шуғулланади. 1929 йил Тожикистон ССР Марказий сайлов ҳайъати аъзоси, 1934 йил эса СССР Ёзувчилар уюшмаси раҳбарияти аъзоси этиб сайланади.

У илк бор “Тожик адабиёти намуналари” номли тожик миллий ижодий сайланмасини тузган. Садриддин Айний Тожикистон ССРда хизмат кўрсатган фан арбоби, Ўзбекистон ССР ФАнинг шарафли аъзоси, филология фанлари доктори, Тожикистон ССР ФАнинг биринчи президенти, Тожикистон Давлат мукофотининг биринчи лауреати бўлган.

Садриддин Айний асарларини тожик ва ўзбек тилида ёзган. У икки халқ адабиётига катта ҳисса қўшган. Унинг “Одина”, “Дохунда”, “Қуллар”, “Судхўрнинг ўлими”, “Хотиралар” (“Бухоро”) асарлари севиб ўқилади.

Асарлари рус, украин, беларус, литов, поляк, чех, француз, урду тилларига таржима қилинган.
Сайдриддин Айний 1954 йил 15 июль куни Сталинобод (ҳозирги Душанбе) шаҳрида вафот этган.
***
БЕҲБУДИЙ РУҲИҒА ИТҲОФ
(Шаби ҳижрон ҳавосиға)

Сани мундин буён Турон кўролурму, кўролмасму?
Санинг мислингни Туркистон тополурму, тополмасму?

Сан, эй устоди олийшон, эдинг ажубаи даврон,
Отингни тилга ҳар инсон буюк ҳурмат-ла олмасму?

Санинг тарихий давронинг, санинг осору урфонинг,
Санинг номинг, санинг шонинг жаҳон қолдиқча қолмасму?

Санинг кўксунг чўкулганму, санинг белинг букулганму?
Санинг қонинг тўкулганму? Муни(нг) ҳеч ким сўролмасму?

Бошингни кесдуран қотил, у бадтийнат, у сангин дил,
Худодан гар эса ғофил, халойиқдан уёлмасму?

Ватан авлоди ёд этди, сани ҳурмат-ла шод этди,
Ва лекин интиқомингни ололурму, ололмасму?

Жаҳонда зулмдур зоҳир, жаҳон хунхўр, жаҳон жобир,
Жаҳондан бир замон охир ситамгарлик йўқолмасму?

Беҳишту ҳурии ғилмон, санга Ҳақ айласун эҳсон,
Санга раҳмат, санга ғафрон Худойим етказолмасму?!

ВАТАН ЁДИ

Эй ватан, бошимга мушкул тушди ҳижронинг сенинг!
Бенаво бошим ўлайди, кош, қурбонинг сенинг!

Сандуғочлар ўрнига жоизми қўнсун қарғалар?
Боқ! На бўлди оқибат боғинг, гулистонинг сенинг!

Қон ютарлар навниҳолонинг бу кун сув ўрнига,
Наҳри хун афшона дўндими Зарафшоннинг сенинг!

Гар суқулди ханжари бедод жисми покинга,
Нохалаф ўғлонларинг бўйнигадур қонинг сенинг!

Ҳе, умединг узма, Айний, давр истиқболидин,
Ҳар ватандошинг ўлур бир кун ҳамафғонинг сенинг.